Илм-фанга бахшида умрлар
Илм-фандаги узилишлар жамият, турли соҳалар тараққиётига салбий таъсир этиши барчага яхши маълум. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбари илм-маърифат, унда авваллари шиддат билан ривожланган мактабларни қайта тиклашга, олимларимизнинг бой меросини ўрганишга жиддий эътибор қаратаётгани бежиз эмас.
2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили
Айниқса, "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили", деб ном олган жорий йилда бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Математика барча фанларнинг дебочаси, таъбир жоиз бўлса, қироли саналади. Ҳаётимиздаги бирор жабҳа йўқки, ушбу фан билан узвий боғланмаган бўлса. Ҳатто инсоннинг элементар тўғри ва мантиқий фикрлай олиши, вазиятга тўғри баҳо бериб, оқилона қарор қабул қилиш қобилияти ҳам математикани қай даражада пухта ўзлаштирганлигига бориб тақалади. Айни дамда мамлакатнинг тараққиёти, аҳоли фаровонлиги математика, геология каби фанларнинг ривожига дахлдор саналади.
2020 йил 30 ноябрь куни Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг имзоланиши ҳам ушбу фанлар ва геология соҳасини жадал ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 ноябрдаги фармойишига мувофиқ, жорий йилда бир гуруҳ устоз ижодкорлар билан бирга атоқли математик олим Саъди Сирожиддинов ҳамда геолог Иброҳим Ҳамроқулов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш белгиланди.
Атоқли академик, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, физика-математика фанлари доктори, профессор Саъди Ҳасанович наинки юртимизда, балки хорижда ҳам ном қозонган олимлардан эди.
Ўрта Осиё университетини тугатган С.Сирожиддинов Москва университетида катта илмий ходим, Ўрта Осиё университетида профессор, кафедра мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси математика институти директори, ТошДУ ректори, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти бўлиб ишлаган.
Олимнинг илмий ишлари кўп ўзгарувчили классик кўпҳадларнинг муҳим хоссаларига бағишланган. Айни пайтда математика билимдонининг тадқиқотлари ўтган асрнинг 50-йилларида Тошкент математика мактабининг янада юксалишига олиб келди.
С.Сирожиддинов эҳтимоллар назарияси соҳасидаги ютуқларни математик статистикага қўллашга муваффақ бўлган. У оммавий хизмат кўрсатиш назарияси, статистиканинг турли соҳалари, стационар жараёнлар назарияси ва бошқа соҳаларда ҳам кенг кўламда тадқиқот олиб борган. Ўрта Осиё мутафаккирларининг илмий меросини ўрганиш, айниқса, Ўзбекистон учун юқори малакали математик мутахассислар тайёрлашда Сирожиддинов домланинг хизматлари катта. Устоз математик, шунингдек, ёш математиклар мактабини ташкил этиш, Республика ёш математиклар олимпиадасини ўтказишга ҳам ҳисса қўшган инсонлардан эди.
Сирожиддинов Бернулли номидаги халқаро математик статистика ва эҳтимоллар назарияси жамияти (Нидерландия)нинг ҳақиқий аъзоси эди.
Геология фани фидойиси Иброҳим Ҳамробоев мамлакатимизнинг ХХ асрдаги геология мактаби асосчиларидан бири бўлган.
Қимматли металларга бой конларни аниқлаш, уларни ўрганиш, топиш ғоят катта билим, заҳматли меҳнатни талаб этади. Иброҳим Ҳамробоев бу борада ғоят самарали изланишлар олиб борган академик олимлардан саналади. Маълумотларга кўра, у Ўрта Осиё давлат университетининг геология факультетини тугатиб, Чорухдайрон геология-қидирув партияси ва Помир экспедициясида геолог сифатида фаолият кўрсатган. Олим Ўзбекистон Фанлар академияси Геология ва геофизика институтида катта илмий ходим, лаборатория ва бўлим мудири, институт директорининг фан бўйича ўринбосори, шу илмий жамоа директори ва консультанти, Фанлар академияси Ер ҳақидаги Фанлар бўлими раиси бўлиб фаолият юритган.
Заҳматкаш олимнинг илмий ишлари, асосан, Ўрта Осиё магматизми, айрим мажмуали формацияларнинг геокимёвий ва металлогеник хоссаларига бағишланган. 1950 йилларда Ўрта Осиёда олтин билан маргимушнинг узвий парагенезисини аниқлади. Шу асосда бир қатор янги олтин конлари топилди. Ҳамробоев олтинли руда конлари ҳосил бўлишида Ер ички тузилишининг аҳамияти ҳақидаги ғояни ривожлантирди, Ўзбекистонда олтин ва бошқа муҳим рудаларни қазиб чиқариш саноатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш билан бирга, Ўзбекистоннинг металлогеник харитасини тузган олимдир.
Устоз геолог халқаро геологик конгрессларнинг кўп марта иштирокчиси бўлган. И.Ҳамробоев номига янги топилган минерал – ҳамробоевит қўйилган.
Ҳа, атоқли олимларимизнинг хотирасини ардоқлаш, уларнинг ҳаёт йўли, илмий меросини ўрганиш, тарғиб этиш бугун илм-маърифатга астойдил интилаётган мамлакатимиз, халқимиз, айниқса, ёшлар учун ғоят муҳимдир.
Н.УСМОНОВА, ЎзА