Илм-фан ва замонавий агротехнологиялар — юқори ҳосилдорлик гарови
Навбаҳор туманида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигида пахтачиликда юқори ҳосилдорликни таъминлаш, илмий ютуқларни амалиётга кенг татбиқ этиш ҳамда замонавий агротехнологияларни қўллаш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда Навбаҳор ҳамда унга туташ туманларда фаолият юритаётган фермерлар, агрономлар, туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Семинар аввалида таъкидланганидек, мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида бошқа соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, тармоқда илм-фан ва инновацияларни кенг жорий этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар етиштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда пахтачилик соҳасида илмий ёндашувларни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, фермерларнинг билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Семинарда “Пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишнинг 8 та қонуни” асосида ғўза парваришининг бугунги босқичида амалга оширилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар юзасидан амалий машғулотлар ташкил этилди.
Мутахассислар томонидан суғориш ва озиқлантириш тизимини самарали ташкил этиш, минерал ўғитлардан меъёр асосида фойдаланиш, зараркунанда ва касалликларга қарши илмий асосланган кураш чоралари, ғўзанинг ривожланиш босқичларига мос парвариш ишларини ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Семинарда микроқоплама (микропластик) ифлосланиши, антибиотикларга чидамлилик муаммоси ҳамда кремний ўғитларидан фойдаланиш бўйича маҳаллий олимларнинг илмий ишланмалари тақдим этилди. Илмий янгиликларнинг амалиётга жорий қилиниши тупроқ унумдорлигини сақлаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва сифатли ҳосил етиштиришда муҳим омил экани қайд этилди.
Мутахассислар томонидан дала ишларини белгиланган муддатларда, сифатли ва илмий ёндашув асосида ташкил этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида бажариш юқори ва сифатли ҳосилнинг асосий гарови экани алоҳида таъкидланди.

Семинар якунида иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, фермерлар ва соҳа вакилларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири