Илм-фан ишлаб чиқариш билан уйғунлашмоқда (+видео)
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети Сурхондарё вилоятида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиб, соҳада илмий-амалий тажрибаларни жорий этаётган етакчи олий таълим муассасаларидан бирига айланди.
Университет тажриба майдонида воҳанинг йирик тармоғи қишлоқ хўжалиги учун банан кўчатларини иқлимлаштириш, райҳоннинг ноёб навларини кўпайтириш каби агротехнологик изланишлар олиб борилаётган эди. Ўтган ойда енгил саноат ва озиқ-овқат технологиялари кафедраси яна бир янги ишга қўл урди. “Ипакчи тадқиқотчи” тўгарагини ташкил этиб, ипак қурти парваришлашни йўлга қўйди.


– Талабалар билан бирга пилла етиштирдик, – дейди кафедра ўқитувчиси Ўғилшод Панжиева. – Ҳосил биз кутгандек бўлди. Талабалар ўзларининг назарий олган билимларини бевосита амалиётга жорий этди. Амалий билим ва кўникмалари шакллантирилди. Олинган маблағни хўжалик шартнома мақсадларида ишлатишни, шу орқали университетимизнинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилашга ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилганмиз.
Тажриба жараёнида кафедра профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар тўрт қути ипак қуртини парваришлаб, 200 килограммдан ортиқ юқори сифатли хом ашё олди. Бунинг учун улар бир ойдан кўпроқ меҳнат қилиб, кутилган натижага эришди.

Лойиҳа доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар илмий асосда парваришлаган хориж пилласи навидан чиқиндисиз технология сифатида фойдаланилади. Бу усул пилланинг устидаги лос толасидан тортиб, ичидаги ғумбагигача қайта ишлаш имконини беради.

– Ушбу тугарак дастури асосида пилла боқишни йўлга қўйдик , – дейди агробиология факультети декани ўринбосари Шавкат Эрматов. – Талабаларимиз ўзлари қараб, боқиб, ўттиз-ўттиз уч кунда ҳосил олишга эришдик. Ҳозир биз Хитой дурагай пилласини етиштиряпмиз. Бундан олинган пилланинг жонсизлантириш жараёнини ҳам ўзимизда амалга оширамиз. Ипак чиқиндисиз технология, дейилади. Пилланинг устидаги лостидан тортиб то ичидаги ғумбагигача чиқиндисиз маҳсулот ҳисобланади. Бундан қандай маҳсулот олинади? Хом ашё сифатида ичидаги лос толаларини олиб, ип йигирсак бўлади. Ҳар бир пилладан 800 метрдан 1800 метргача хом ипак чиқади.

Мутахассисларнинг айтишича, бу хом ашёдан сифатли ипак газлама ва мато ишлаб чиқаришда юқори иқтисодий самарадорликка эришса бўлади.
Университетда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси асосида яратилган юқори сифатли ипак маҳсулоти воҳа пиллачилигида замонавий инновацион ёндашувларни кенг жорий этишга хизмат қилмоқда. Шу боис мазкур лойиҳани янада кенгайтириш, илмий изланишлар кўламини ошириш ва соҳадаги тадқиқотларни изчил давом эттириш режалаштирилган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fqE_zj0xkE8" title="Ilm-fan ishlab chiqarish bilan uyg‘unlashmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири