Илк сабоқ талаба ҳаётидаги энг унутилмас дам бўлади
Андижон давлат университетида жорий йил биринчи курсга ўқишга қабул қилинган талабалар учун танишув дарслари бошланди.
Андижон давлат университетида жорий йил биринчи курсга ўқишга қабул қилинган талабалар учун танишув дарслари бошланди.
Танишув дарслари олдидан аудиторияларда давлатимиз мадҳияси янгради, университет ректорининг талабаларга видеотабриги намойиш этилди.
Шундан сўнг, дарс жадвали, дарсларни олиб борадиган ўқитувчи ва профессорлар таништирилди. Талабаларга дарсликлар, фойдаланиладиган адабиётлар ҳақида маълумотлар, шунингдек, дарсларда талабалик мақоми, дарс ўтиш жараёнидаги муҳим қоидалар хусусида тушунчалар берилди.
Дарслар университетнинг 6 та биносида, белгиланган жадвал асосида мавжуд 43 та таълим йўналишидан 19 тасида ўтказилмоқда. Умуман, барча йўналишлар бўйича танишув дарслари 12 кун давом этиши кўзда тутилган.
Aнъанавий таълим шаклида бошланган танишув дарслари жараёнлари карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда олиб борилмоқда. Дарс машғулотлари кунига икки жуфтликда ўтказилиб, машғулотлар орасида талабаларга 10 дақиқалик танаффус берилади.
Танишув дарслари орқали талабаларда масофавий (онлайн) таълим олиш кўникмаси шакллантирилади. Шунингдек, уларга керакли ҳужжатлар жамланмасини тақдим этиш бўйича тушунчалар берилади.
– Бу йил ўқишга қабул қилинган талабалар учун танишув дарслари ташкил этилганлигидан хурсандмиз, – дейди тарих йўналиши 1-босқич талабаси Улираъно Жўраева. – Университетга келиб, аудиторияда ўтириб сабоқ олиш, айниқса, янги талаба учун завқли ва ўзгача таассуротлар қолдиради. Бу лаҳзалар ҳаётимиздаги энг унутилмас дамлар бўлиб қолади.
Эслатиб ўтамиз, танишув дарслари якунлангач, 1-курс талабалари ҳам барча талабалар сингари ўқишни масофавий (онлайн) шаклда давом эттиради.

