“Илк ривожланиш марказлари” фаолият бошлади
Бухорода Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, болаларнинг сифатли мактабгача таълимдан тенг фойдаланишини таъминлаш, алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш мақсадида “Илк ривожланиш марказлари” фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.
Вилоятнинг Ғиждувон, Вобкент ва Жондор туманларида фарзандларимиз келажаги учун хизмат қиладиган, уларнинг иқтидори ва орзуларини рўёбга чиқарадиган ана шундай “Илк ривожланиш марказлари” ўз фаолиятини бошлади.

Ғиждувон туманида фаолият бошлаган “Илк ривожланиш маркази”нинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигинг 34 йиллиги ҳамда янги муассаса билан қутлади.
Марказлар 3-6 ёшли болаларни, хусусан, камбағаллик даражаси юқори ва алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган оилалар фарзандларини қамраб олган ҳолда ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ғиждувон туманидаги 66-умумтаълим мактаби биносининг бўш турган бир қисми ссуда орқали берилган 400 миллион сўм маблағ ҳисобига таъмирланиб, болаларнинг таълим-тарбия олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Марказда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила фарзандлари ва инклюзив таълимга эҳтиёжи бор болалар тарбияланади. Марказ 240 нафар ўғил-қизни қамраб олиш имконига эга бўлиб, педагоглар томонидан ақлий ривожлантириш машқлари, турли машғулотлар ўтказилади.


– Олдимизга кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларнинг мактабгача таълимга қамраб олинмаган фарзандлари, шунингдек, алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болалар билан индивидуал ишлаш, уларнинг шахсиятини шакллантириш ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, ижтимоий мослашуви ва бошланғич таълимга тайёрлигини таъминлаш, бу жараёнда болага ва ота-оналарга ҳар томонлама ёрдам бериш каби вазифалар қўйилган. Уйга ташриф буюриш дастури орқали ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағал, кам таъминланган оилаларнинг боғчага қамраб олинмаган 3-7 ёшгача бўлган болаларига таълим-тарбия бериш режа қилинган. Лекин, болалар орасида бир ёшлилари ҳам бор. Бунда педагог ходимимиз ҳафтада бир марта хонадонга бориб, белгиланган дастур асосида бола билан машғулот ўтказади, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.