Илк ривожланиш маркази аҳоли хизматида
Президентимизнинг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори олис ва чекка ҳудудлардаги боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш самарадорлигини янада оширди.
Наманганда вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати томонидан ташкил этилган пресс-тур ҳам мазкур масалага бағишланди. Унда Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида Косонсой педагогика коллежида очилган “Илк ривожланиш маркази” фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Пресс-тур давомида журналистлар марказдаги шароитлар, таълим жараёнлари, ўқув-услубий қўлланмалар, замонавий ўйинчоқлар, умуман олганда тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар билан таништирилди.
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупованинг қайд этишича, 2021 йил 6 октябрда иш бошлаган “Илк ривожланиш маркази” ўтган қисқа вақт мобайнида 863 нафар, шу жумладан, марказнинг ўзида 14 ўйин гуруҳи ташкил этиш орқали 358 нафар, “уйга ташриф” модели бўйича 302 нафар болаларни мактабгача таълимга қамраб олган. Айни пайтда 39 нафар алоҳида (соғлиги туфайли) таълимга муҳтож бола билан коррекцион ишлар олиб бормоқда. Бу лойиҳа ижроси доирасида 60 та янги иш ўрни яратилди. Энг муҳими, “уйга ташриф” модели бўйича чекка ва олис ҳудудларда яшовчи, боз устига, оилаларнинг ижтимоий аҳволи туфайли мактабгача таълим ташкилотига қатнаш шароити бўлмаган уч юздан зиёд болаларга якка тартибда таълим-тарбия бериш имконияти яратилди. Малакавий тайёргарликдан ўтган 40 нафар тарбиячилар хонадонларнинг ўзида дарс ўтмоқда.

“Илк ривожланиш маркази” да уч турдаги муқобил моделда таълим тарбия ишлари йўлга қўйилган. Хусусан, чекка ва олис ҳудудлардаги боғчага қамраб олинмаган 6 ёшгача болалари бўлган оилаларга ташриф амалга оширилмоқда. 3-6 ёшгача болалар учун марказда ўйин гуруҳи тузилди. Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган 2-6 ёшгача болалари бўлган оилаларга ташрифлар амалга оширилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш 2020 – 2024 йилларга мўлжалланган. Айни шундан келиб чиққан ҳолда келаси йилда марказдаги ўйин гуруҳлари 20 тага, болалар қамрови эса 760 нафарга етказилади.
Эътироф этиш жоиз Наманган вилоятида 2021 йил 25-29 октябрь кунлари ҳамда шу йил 21-25-феврал кунлари синов лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимида болага йўналтирилган таълим ёндашувини жорий этиш” мавзусида семинар-тренинглар ўтказилган эди. Тадбир халқаро амалиёт ҳамда интерфаол таълим методологиясига хос бўлган таълим ёндашувини амалда жорий этиш ҳамда болалар боғчаларининг таълим-тарбия жараёнига ушбу ёндашувни жорий этишни ўргатувчи миллий мастер-тренерлар тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Ушбу жараёнлар айни мана шу марказда фаолият юритувчи педагогларнинг касбий маҳоратини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.