Илк бор Адаптив йўналишида киберспорт мусобақаси ўтказилади
Мамлакатимизда олиб борилаётган инклюзив тенгликка қаратилган сиёсат натижасида имконияти чекланган ёшларнинг ҳам жамиятдаги фаоллиги ортиб бормоқда. Хусусан, уларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган шароитлар айни муддао бўлмоқда.
Ана шундай ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Адаптив йўналишида киберспорт мусобақаси ўтказилмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг замонавий спорт турларига бўлган юқори қизиқишлари асосида Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси билан ҳамкорликда адаптив спортнинг устувор киберспорт йўналишлари саралаб олинди. Натижаларга кўра, ФИФА, Blur, PUBG Mobile ва Counter-Strike 2 ўйинлари энг мақбул ва оммабоп йўналишлар сифатида белгиланди.

Шу муносабат билан, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган 106-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида илк бор синов тариқасида киберспорт мусобақалари бўлиб ўтади.
Мусобақада бир қатор таълим муассасалари тарбияланувчилари иштирок этади. Умумий ҳисобда 56 нафар иштирокчи, 4 та киберспорт йўналиши бўйича куч синашади.
Мазкур мусобақа келгусида кенг кўламда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Шербек Исломов,
ЎзА