"Илҳақ" энди рус тилида ҳам намойиш этилади
Кинематография агентлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, "Илхақ" бадиий фильми рус тилига таржима қилинди.
Маълумки, ушбу бадиий фильм Иккинчи жаҳон уруши даврида рўй берган ҳаётий воқеаларга асосланган. Унда беш ўғилни ўстириб, уларни урушда йўқотган она Зулфия Зокированинг дарди, аламли кечинмалари ва азоблари тасвирланган.
– Ўтган йили худди шу вақтда катта премьераси ўтказилган "Илҳақ" фильми нафақат ўзбек киномухлислари, балки русийзабон томошабинларда ҳам катта қизиқиш уйғотганди, – деди фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов. – Ўшанда фильм ижодкорлари номидан кейинги йилгача фильмнинг рус тилидаги вариантини ҳам тақдим қиламиз, деб ваъда берган эдик. Мана, фильмнинг рус тилидаги варианти кенг намойишларга тайёр. Яқин кунларда инглиз тилидаги субтитрли версиясини ҳам тақдим қиламиз. "Илҳақ"ни нафақат Ватанимизда, балки қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонда ҳам намойиш қилиш ниятидамиз.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА