Илғор фермер хўжаликлари автомобиль билан тақдирланди
Мамлакатимизда ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” сифатида кенг нишонланади.
Жорий йилда ҳам юртимизнинг барча ҳудудларида қишлоқ хўжалиги ходимлари байрами катта тантана билан нишонланди. Андижон тумани Бўтақора маҳалласидаги адирлик ҳудудида жойлашган “Сулаймон ота” улоқ майдонида халқ сайли сифатида “Улоқ” ўйини билан бошланган соҳа ходимларининг байрам тадбирлари Андижон вилоятининг барча туманларида юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.
Жумладан, Балиқчи туманидаги тантаналар саройида ташкил этилган байрам тадбири ўзгача руҳда ўтди. Туман ҳокими Жасурбек Абдураимов, секторлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги тизими ходимлари, меҳнат фахрийлари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз иқтисодиётини, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда қишлоқ хўжалигининг ўрни ниҳоятда катта эканлиги, юртимизда мазкур соҳани ривожлантириш, имкониятларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Тадбирда жорий йилда туманда қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлга киритилган ютуқлар, айниқса, пахта, ғалла, пилла, умуман, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш борасида эришилган натижалар эътироф этилди. Тадбирда бир гуруҳ илғор фермер хўжалиги раҳбарлари, соҳа ходимлари, меҳнат фахрийлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бундан ташқари, “Tetrаtеx texstil” ҳамда “Skorton texstil” кластер корхоналари томонидан юқори ҳосилдорликка эришган тумандаги “Нўъмонжон ота обод замини” фермер хўжалиги “Жентра”, шунингдек, “Абдурашид олтин замини”, “Балиқчи элита уруғчилиги”, “Ўрмонбеклик дархон орзуси”, “Жавоҳир орзу нияти” ҳамда “Балиқчилик Абдужаббор Ўролов” фермер хўжаликлари “Дамас” автомашинаси билан тақдирланди. Автомобиллар фермер хўжаликлари раҳбарларига тантанали равишда топширилди.
– Жорий йилда пахтадан юқори ҳосил олинди, – дейди Бобур массивидаги “Нўъмонжон ота обод замини” фермер хўжалиги раҳбари Исматулло Нўъмонжонов. – Меҳнатларимизни муносиб баҳолаган, туман ҳокимлиги, ҳамкоримиз “Tetrаtеx texstil” кластер корхонаси томонидан “Жентра” автомашинаси билан тақдирланганлигимиз бизни беҳад қувонтирди. Ушбу эътибор бизни янада шижоат билан ишлашга ундайди.
Байрам тадбири эл суйган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар билан янада файзли бўлди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА