Илғор кончи ва металлурглар тақдирланди
Бу ҳақда комбинат ахборот хизмати маълум қилмоқда.
“Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни” муносабати билан “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан бир гуруҳ илғор ходимлар тақдирланди.
Бу ҳақда комбинат ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Маълумки, май ойининг учинчи якшанба куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни сифатида кенг нишонланади.
Бу йил кончи ва металлургчилар касб байрами коронавирус туфайли эълон қилинган карантин даврига тўғри келмоқда. Шундай бўлсада, комбинат тизимида меҳнат қилаётган илғор ходимлар комбинат раҳбарияти томонидан карантин талабларига қатъий амал қилинган ҳолда рағбатлантирилмоқда.
Жумладан, бугун “Олмалиқ КМК” АЖ технологик занжирининг якуний нуқтаси бўлган Мис эритиш заводига комбинат бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов ташриф буюриб, металлургларни касб байрами билан табриклади. А.Хурсанов коронавирус инфекцияси билан боғлиқ мураккаб шароитида ҳам комбинат меҳнат жамоаси томонидан ишлаб чиқариш кўрсатгачилари юқори суръатларда бажарилаётгани, бунда Мис эритиш заводининг ҳам салмоқли ҳиссаси борлиги учун завод ишчиларига миннатдорлик билдирди.
Тадбир давомида бир гуруҳ ишчи-ходимлар махсус нишон ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.