Илғор фермерга – “Nexia 3” совға қилинади
Тошкент вилояти пахтакорлари жорий йил 73 минг гектарда ғўза парваришлаб, мўл-ҳосил етиштирди.
Тошкент вилояти пахтакорлари жорий йил 73 минг гектарда ғўза парваришлаб, мўл-ҳосил етиштирди.
Айни пайтда вилоят пахта далаларида 219 минг 600 тонналик улкан хирмон кўтариш йўлида бор имкониятлар ишга солинмоқда. 753 та терим отрядига бириктирилган 170 минг нафардан зиёд теримчи, 50 дан ортиқ пахта териш машиналари, 6 та агрокластер мажмуаси жамоаси томонидан пахтани ёғингарчилик кунларга қолмасдан нест-нобуд қилмай териб олиш чоралари кўрилмоқда.
Бу борада теримчилар учун муносиб меҳнат шароити яратилгани, терим пули нархи оширилгани, айниқса илғор теримчиларни рағбатлантириш йўлга қўйилгани қўл келмоқда.
Жумладан, кунига 350 килограммдан ошириб пахта тераётган янгийўллик Фарҳод Субанов вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғаси билан тақдирланди. Вилоят пахтакорлари орасидан Ф.Субанов каби илғор теримчилар мунтазам рағбатлантириб борилмоқда.
Кези келганда таъкидлаш ўринлики, вилоятда илғор теримчиларни рағбатлантириш билан бир қаторда, пахта режасини биринчи теримдаёқ нест-нобуд қилмасдан бажарган фермерларни рағбатлантириш ҳам йўлга қўйилган. Бу борада Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги томонидан 20 гектардан кам бўлмаган пахтазордаги ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай териб олган, пахта топшириш шартномасини биринчи бўлиб тўлиқ бажарган фермерга “Nexia 3” автомобили ҳоким совғаси сифатида топширилиши белгиланган.
Вилоят пахтазорларида терим мавсуми уюшқоқликда давом этмоқда.