Икром Отамуроддан баҳорий туҳфа
Замонавий кўринишдаги китобга шоирнинг янги шеърлари, достон ва таржималари киритилган.
“Янги аср авлоди” нашриёти таниқли шоир Икром Отамуроднинг “Ҳувийят” китобини чоп этди.
Замонавий кўринишдаги китобга шоирнинг янги шеърлари, достон ва таржималари киритилган.
Таниқли шоир Икром Отамурод миллий шеъриятимизда ўзига хос ижод намуналари, қолаверса, “Ярадор умид отлари”, “Сопол синиқлари”, “Изтироб” каби замонавий достонлари билан шеърият мухлислари қалбини забт этган.
Шоир ижодига муҳаррир Матназар Абдулхайров шундай баҳо берган: “Таниқли шоир Икром Отамурод шеъриятимизни ўзининг халқона анъаналарга уйғун ёзилган достонлари билан бойитиб келаётир. Шоирнинг “Тағаззул”, “Харитага тушмаган жой”, “Муқаддар”, “Доғ” сингари достонлари кетма-кет яратилди ва адабиёт ихлосмандлари орасида анча машҳур бўлди.
Шоир ўз хаёлот оламида ўзини эркин ҳис қилмас экан, унинг шеърлари бир муддатгина яшаб, ахийри, таназзулга юз тутмоғи аён ҳақиқат. Бу шоир ўз руҳий кечинмаларини маддоҳлик қилмай, ялтоқланмай, безамай-бежамай, очиқ-ойдин – эркин ифодалайди. Бу ҳол унинг чинакам шоирлигидан нишонадир. Қолаверса, ижодкор тахайюлида тиниқлик, сокинлик бўлмас экан, воқеликни ҳам теран ҳис этиши маҳол. Албатта, буларнинг заминида, аввало, поклик, ҳалоллик, эътиқод, айни виждон амри билан иш юритиш ётади... “.
Канглум, мендан бўлак киминг бор сенинг,
канглум, сендан бошқа менинг кимим бор!
Не десанг дегувчи – ёлғизим менинг,
не айтсам айтгувчи – ўзинг хокисор…
Канглум, мени тушингувчи ўзингсан фақат,
канглум, фақат сени англаб етгувчи ўзим.
Менинг вужудимда улғаяр тоқат,
сенинг вужудингда ғунчалар тўзим…
Канглум, ғамларимнинг ашклари – дарё,
канглум, армонларинг қайғулари – тоғ.
Канглум, сени қаърига тортар бу дарё.
канглум, мени янчиб кетади бу тоғ…
Даҳри дун дайрида чирпираган гард –
канглум, бир кун кетармиз, чиқармай натоғ.
Кимгадир қолдириб ғарибгина дард,
кимгадир қолдириб ғарибгина доғ…