Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари эъзозда
Ота-боболаримизнинг жасорати, ибратли ҳаёти барчамизга ифтихор бағишлайди. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов билан бирга Фарғона туманида яшовчи Турсунбек ота Исанбеков ҳамда Фарғона шаҳрида яшовчи Татьяна Усманова хонадонларида бўлиб, фахрийларни ва уларнинг оила аъзоларини байрам билан табрикладилар.

Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган Турсунбек ота Исанбеков Фарғона тумани Хонқиз қишлоғида яшайди. Вилоят ҳокими билан бўлган суҳбатда отахон уруш даврида бошидан ўтказган синовлар, қийинчиликлар, кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида сўзлаб берди.

Турсунбек ота 1944 йил 19 ёшида урушга кетиб, 1950 йилда қайтган. Сўнг колхозда бригадирлик қилди. Турмуш ўртоғи Ҳабибахон ая билан 3 ўғил, 5 қизни тарбиялаб уйли-жойли қилди. Ҳозирда невара-ю эваралар қуршовида умргузаронлик қилмоқда. Отахон уруш даврини ёдга олар экан, бугунги замон ёшлари ундай қаро кунларни кўрмасликларини, юртга тинчлик тилаб дуо қилди.

Фарғона шаҳрида яшовчи 101 ёшни қаршилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Татьяна Усмонова ҳам вилоят раҳбарларини очиқ чеҳра билан кутиб олди. Онахон ўз кўнгил кечинмалари билан ўртоқлашаркан, кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканини қайта-қайта таъкидлади.

Турсунбек ота ва Татьяна онахон, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш кераклигини такрор такрор таъкидладилар, Президентимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор қилдилар.
Фахрийларга байрам совғалари топширилди.
М.Сулаймонов, ЎзА