Икки йиллик муаммо 20 дақиқада ҳал бўлди
Фуқаро Шахноза Содиқова Россия давлатида туғилган туғма ногиронлиги бор фарзанди учун ногиронлик нафақасини олиш мақсадида пенсия жамғармасига мурожаат қилади.
Бироқ, пенсия жамғармаси боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси Россия давлати томонидан берилганлиги учун электрон тизимга киритилмаганлиги ва шу сабабли нафақа тайинлаб бўлмаслигини билдиради. Шундан сўнг, фуқаро Бухоро тумани давлат хизматлари марказига мурожаат қилиб мазкур масалада амалий ёрдам сўрайди. Марказ ходимлари болани Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бўлган болаларга нафақа тўлаш электрон тизимига рўйхатга қўйиб, фуқаро мурожаатини ижобий ҳал қилди.
– Дастлаб пенсия жамғармасига, кейин давлат хизматлари марказига боришим кераклигини айтишди, – дейди Шаҳноза Содиқова. – Ҳаммаси аввалгидек экан, ташкилотма ташкилот юриб анча сарсон бўлсам керак деб ўйлагандим Лекин туманимиздаги давлат хизматлари марказига борганимда, барчаси кўнгилдагидек бўлди. Ходимлар 20 дақиқа ичида икки йиллик мурожаатимни ҳал қилиб берди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, 2021 йилда жисмоний ва юридик шахслардан жами 228 та мурожаат келиб тушган. Шундан 151 таси қаноатлантирилган. 33 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 30 таси кўриб чиқиш учун тааллуқлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган. 6 та мурожжат кўрмасдан қолдирилган. 7 та мурожаат ҳозирги вақтда ўрганиш жараёнида.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати ётади. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоя асосида фаолият олиб бораётган давлат хизматлари марказлари бугун аҳолига мамнуният ва шараф билан хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА