Икки қиррали қиличи бор ҳарбий AI
“Халқаро минбар” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони – Шри Ланка вакили, таниқли журналист Муҳаммад Қосим Расулиддин ЎзАга бугунги кун учун долзарб ҳисобланган мавзу юзасидан мақола тақдим этди.
Муаллиф ҳақида

Муҳаммад Қосим Расулиддин 1948 йил Шри Ланкада туғилган. Коломбо шаҳридаги “Заҳира” коллежида таҳсил олган. Фаолиятини мамлакат пойтахтида синҳала, тамил ва инглиз тилларида нашр этиладиган “Iqra” газетасида мухбирликдан бошлаган. Сўнгра кўп йил давомида Коломбодаги Доруссалом ва Котаҳена коллежларида директор бўлиб ишлаган.
1987 йил Саудия Арабистонида чоп этиладиган “Riyadh Daily” газетасида фаолият юритган. 2019 йилдан буён Шри Ланкадаги “Colombo Times” ахборот нашри Бош муҳаррири. Шу билан бирга “Arab News” янгиликлар порталининг мамлакатдаги махсус мухбири.
Ҳукумат томонидан “Энг яхши журналист” миллий мукофоти билан тақдирланган.
Геосиёсий майдонда ҳарбий AIни бошқариш
Бугунги глобаллашув даврида ҳукуматлар ривожланаётган ва бузувчи технология соҳасида етакчилик учун рақобатлашмоқда. Ачинарли томони, ҳарбий сунъий интеллект (AI) учун кенг қамровли глобал бошқарув тизими йўқлиги хавфли бўшлиқ келтириб чиқарган. Айни бўшлиқ кучли технология тоифасини назоратсиз қолдиради, халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликка хавфни кучайтиради, қурол ноқонуний тарқалишига сабаб бўлади ва халқаро ҳуқуқ меъёрини шубҳа остига қўяди.
Айрим давлатлар сунъий интеллектда устунлик учун курашаётгани сабабли геосиёсий манзара кескинликка бой кўринишга эга. Агар сунъий интеллект ҳақиқатан атом бомбаси каби инсоният келажагини йўқ қилиб юбориш даражасида экзистенциал хавф туғдирса, кўпчилик таъкидлаганидек, ҳарбий AI учун умумий эътироф этилган глобал бошқарув тизими йўқлиги хавотирли. Келажак учун Оппенгеймер, ҳозирги миссиянинг эса ўтиш хавфи кўпроқ ташвишли. Зеро, дастлаб маълум фуқаролик вазифасига мўлжалланган AI тизими ҳарбий мақсадга хизмат қилиш учун қайта ишлатилиши мумкин.

Айни пайт АҚШ ва Хитой каби йирик давлатлар ҳарбий технология йўналишида кескин рақобатга киришган. Хитойнинг 2019 йилги миллий мудофаа режаси “интеллектуаллаштирилган” назарияни илгари сурди. Бу жараёнда AIдан фойдаланиш армияни модернизация қилиш учун жуда муҳимлиги таъкидланди. Қўшма Штатлар ҳарбий AI қобилияти кучайиб кетишидан хавотирланиб, Пекиннинг AI моделлари учун жуда муҳим бўлган илғор ярим ўтказгичларга киришини чеклашга эътибор қаратди. Афсуски, бундай саъй-ҳаракат АҚШ манфаатига ёки халқаро тинчликни асрашга хизмат қиладими ёки йўқми, бу ноаниқ.
Сунъий интеллектни тадқиқ қилиш бўйича жаҳон етакчиси “Open AI” ядровий фаолиятни кузатиб борувчи Халқаро атом энергияси агентлигига ўхшаш, сунъий интеллектни назорат қилувчи орган ташкил этишга чақирди. Бу таклиф БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш томонидан қўллаб-қувватланди. Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага ўхшаш ҳарбий AI ишланмаларидан стратегик устунликка интилаётган ҳукуматларни қоралайдиган ушбу глобал шартнома фақат назарий жиҳатдан устунликка эга.
Маълумки, Россия Украинада давом эттираётган ҳарбий амалиёт AIни қўллаган ҳолда миллий хавфсизликни қандай шакллантириш мумкинлигини аллақачон намойиш этган. Ёки Исроилнинг Ғазо секторидаги алгоритмик ҳарбий ҳаракати халқаро ҳуқуқий ва стратегик дилеммаларни янада кучайтиради.

Таҳлилчилар фикрича, ҳарбий AI тушунчаси чуқурроқ танқидий таҳлил талаб қилади, чунки кўпинча қуролни қўллаш пойгаси сифатида талқин қилинади. AI зиддиятнинг деярли барча жабҳалари, жумладан мудофаа инновацияси, саноат таъминот занжири, фуқаролик-ҳарбий муносабат, ҳарбий стратегия, жанговар бошқарув, ўқув протоколи, прогнозлаш, логистика операцияси, кузатув, маълумотни бошқариш ва кучни ҳимоя қилиш чораларини шакллантириш хусусиятига эга.
Шуниси аниқки, ҳарбий АI хавфсизлик учун икки қиррали қилич. АҚШ Кибер ва инфратузилма хавфсизлиги агентлиги директори Жен Эстерли таъбири билан айтганда, “замонимизнинг энг кучли қуроли”.
Бошқа томондан сунъий интеллектга вирус кириши оқибатида юзага чиқадиган ҳалокатли натижа билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар мавжуд. Масалан, дастурий таъминот одамни танимай қолиши ёки нотўғри идентификация натижасида ўлим ҳолати кузатилиши тез-тез учрайди. Энг ташвишли жиҳати шундаки, қарама-қарши усуллар можарода мақсадли ёрдам тизими манбаси кодини ўзгартириш учун ишлатилиши мумкин. Бунда AI мактаб автобусини душман транспорти сифатида белгилаши ҳеч гап эмас.

Бугунги кунда ҳарбий AIни бошқариш бўйича дипломатик ҳаракат давом этмоқда. Жумладан, 2023 йил икки муҳим ташаббус пайдо бўлди. Февраль ойида Нидерландия ва Жанубий Корея ҳамкорлигида ўтказилган “Ҳарбий соҳада масъулиятли сунъий интеллект” (REAIM) саммити давомида Қўшма Штатлар сунъий интеллектдан масъулиятли ҳарбий фойдаланиш тўғрисида сиёсий декларация эълон қилди. Декабрь ойида эса БМТ давлатлари сунъий интеллект ва автоном қурол тизими билан боғлиқ “жиддий муаммолар ва хавотирлар”ни қайд этиб, халқаро хавф-хатар тўғрисидаги резолюцияни ёқлаб овоз берди. БМТ Бош котиби 2026 йилгача инсоннинг назорати остида ёки назоратисиз ишлайдиган, халқаро гуманитар ҳуқуққа мос келмайдиган қуролларни тақиқлаш учун қонуний кучга эга шартнома тузишга чақирди.
Хулоса шуки, ҳарбий AI учун кенг қамровли глобал бошқарув тизимини яратиш келажакни ҳимоя қилиш учун монументал муҳим вазифа сифатида кўп манфаатдор томонларнинг барқарор ҳимоясини, узвий халқаро ҳамкорликни талаб этади.
Ўткир Мирзо тайёрлади.
ЎзА