Икки мингдан зиёд ёшлар ишли бўлади
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Кўкдала маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томорқада тарвуз етиштириш бўйича узоқ йиллик тажрибага эга.
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Кўкдала маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томорқада тарвуз етиштириш бўйича узоқ йиллик тажрибага эга. Айниқcа, ҳудуддаги Ўтамайли қишлоғилик деҳқонларнинг тарвуз етиштиришдаги тажрибаси кейинги йилларда кенг оммалаштирилиб, бўш турган лалми ер майдонларида экспортбоп тарвуз етиштириш ҳажми оширилмоқда. Ўтган йилда чироқчилик деҳқонлар меҳнати эвазига қарийб 1,5 миллион долларлик тарвуз экспорти амалга оширилди.
Бу йил ҳам лалми ерларга тарвуз экиш жараёнига уюшқоқлик билан киришилмоқда. Мақсад экспорт ҳажмини янада ошириш. Жорий йилда Кўкдала ҳудудида жами 14 минг гектар лалми ерда тарвуз экилиши режалаштирилмоқда. Шундан, 9 минг 300 гектари 385 та фермер хўжаликлари ер майдонига, 4 минг 700 гектари аҳоли томорқаларига экилади. Шундан келиб чиқиб, жорий мавсумда ҳудуд бўйича жами 5 минг 30 гектар эртачи, 4 минг 718 гектар ўрта ва 4 минг 252 гектар кечги тарвуз парваришланади.
Ҳар йилгидан фарқли ўлароқ бу йилги тарвуз етиштириш ишларига 2 минг нафардан зиёд уюшмаган ёшлар ҳам мавсумий ишга жалб қилинади. Вилоят ҳокими ташаббуси билан уларнинг ҳар бирига “Бир ёшга бир гектар“ лойиҳаси доирасида ер ажратиладиган бўлди. Бу борада ёшларга етарлича шароитлар яратиш учун 67 та артезан қудуқ ковлаш ишлари олиб борилмоқда.

Хўш, бу борадаги ишлар қандай тартибда амалга оширилади?
Туман ҳокимлиги томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилда Чироқчи туманида 14 минг гектарга тарвуз экиш режалаштирилган бўлиб, қўшимча Кўкдала ҳудудида 4 та сектор томонидан ҳар бирига 100 гектардан жами 400 гектар самарасиз фойдаланиб келинаётган лалми ер майдонлари танланди. Уюшмаган 52 нафар ёшга 1 гектардан ер ажратиб туман ҳокими қарори чиқарилди. бу борадаги ишлар давом этаётир.
Тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағлари эвазига ажратилган ер майдонларида плёнка остига тарвуз экиш учун зарур бўлган плёнка ва уруғ етказиб берилди. Ҳозирда ушбу ер майдонларида экспортбоп тарвузни плёнка остига экиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида 400 нафар банд бўлмаган ёшлар иш билан таъминланди.
Туман марказидан узоқда жойлашган ҳудудларда, шу жумладан, тоғли ҳудудларда яшовчи уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида масъулияти чекланган жамиятлар ташкил қилинмоқда. Кооперация асосида 991 гектар бодом экилиши режалаштирилиб, ҳар бир банд бўлмаган ёшга 1 гектардан бириктирилади. Бу билан 991 нафар ёш иш билан таъминланади.
50 гектар писта экиш учун ер ажратилиб бу соҳада ҳам 50 нафар иш ўрни яратилади. Шунингдек, 325 гектар майдонда экспортбоп ёнғоқ кўчатлари томчилатиб суғориш технологияси асосида Туркия давлатидан олиб келинмоқда. Натижада 325 нафар банд бўлмаган ёш ишли бўлади. 165 гектар майдонда экспортбоп қовун навлари экилиши натижасида 165 нафар ёш иш ўрнига эга бўлади.

Шунингдек, 50 гектар майдонга “лазани” навли помидор, 30 гектар кўкатлар экилмоқда ва етиштирилган ҳосил тўлиқ экспортга йўналтирилади. Бу соҳада ҳам 100 га яқин ёш иш билан таъминланади.
Тумандаги “Чироқчи кластер” масъулияти чекланган жамияти томонидан Кўкдала ҳудудида замонавий тикувчилик корхонасини ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳа жорий йилнинг сентябр ойида ишга тушади. Бу 250 нафар қизни иш билан таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, “Чироқчи кластер” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда харид қилиниши белгиланган 50 та чопиқ, 10 та ҳайдов тракторлари ва 9 та пахта териш машиналарини бошқариш учун банд бўлмаган ёшларни ишга олиш кўзда тутилган.
Туманда банд бўлмаган ёшларни иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида уларда дастлабки тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, мева-сабзавотчилик, тикувчилик, қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқариш бўйича қисқа ўқув курсларини ташкил этиш белгиланган.
Мазкур тадбирларни амалга ошириш натижасида 2 минг 350 нафар ёшлар иш билан таъминланади.