Икки буюк даҳога таъзим
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари институтида “Икки буюк даҳога таъзим” мавзусида адабий-бадиий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Беш асрким назмий саройни,
Титратади занжирбанд бир шер.
Темур тиғи етмаган жойни,
Қалам билан олди Алишер.
Институт профессор-ўқитувчилари, шоир ва ёзувчилар, талаба-ёшлар иштирокида буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудиниг 580 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги олдидан ўтказилган тадбир талаба-ёшларнинг шеърий чиқишлари билан бошланди.


Тадбирда жаҳон адабиёти, илм-фани равнақига салмоқли ҳисса қўшган икки буюк даҳо ҳаёти ва ижодини, уларнинг бебаҳо адабий мероси, инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарларини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бу айниқса, ёшларнинг адабиётга қизиқиши, қалбларида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмон, “Шуҳрат” медали соҳиби Ҳабиб Сиддиқ буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди, уларнинг улкан маънавий ва ижодий мероси, мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий меросни юксак маънавиятли ёшларни тарбиялашдаги аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирди.


– Навоий, Бобурни қанча кўп ўқисак, уларнинг ижодини қанча чуқур ўргансак, уларнинг бетакрор ижодини шу қадар теранроқ англаб бораверамиз, – дейди шоир Фарид Усмон. – Бугунги тадбир ҳам иштирокчилар, айниқса, ёшларимизга улуғ даҳоларнинг янги қирраларини, ижодий меросининг ўзига хос жиҳатларини очиб беришга ёрдам берди.
Талабалар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, саҳна кўринишлари, Навоийнинг ғазалу рубойилари, шоир ғазаллари асосида ижро этилган куй-қўшиқлар, ижодкор ёшлар мушоираси тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА