ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларининг навбатдаги манзили Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари
Айни кунларда Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.
Айни кунларда Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг малакаларини оширишга қаратилган ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, ўқув йиғинлари доирасида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан кекса авлод вакиллари ва якка ёлғиз қарияларнинг холидан хабар олиниб, уларнинг шарт-шароитлари билан танишишга, ижтимоий муаммоларини эшитиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда уларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи, 83 ёшли Номоз Норқулов билан ўтказилган мулоқот жараёнида ҳаётнинг аччиқ қисмати уларни фарзанддан бебаҳра қилганлиги боис, турмуш ўртоғи билан 1 нафар ўғил фарзанд асраб олишганлиги маълум бўлди. Турмуш ўртоғи вафот этгандан кейин, ўзи қандли диабет касалига чалинган экан.

Хоразм вилояти Боғот туманида истиқомат қилувчи, 70 ёшли Тўхтасин Хўжаниёзовнинг хонадонига ташриф мобайнида у умумтаълим мактабида 35 йил ўқитувчи бўлиб ишлаганлигини, 2017 йилда инсульт бўлиб чап қўл ва оёқлари ишламай қолганлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Шаҳрисабз шаҳридаги 16-сонли умумтаълим мактабида “Тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ёшлар масъулияти” мавзусида давра суҳбати ҳамда ўқувчилар ўртасида “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусида викторина ўтказилди.
– Тадбир ўқувчиларимизда катта таассурот қолдирди, буни уларнинг кўзларидаги қувончдан ҳам билсак бўлади, – дейди Шаҳрисабз шаҳридаги 16-сонли мактаб директори Шахло Рахмонова. – ИИВ Малака ошириш профессор-ўқитувчилари мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, бу борада улар ўзлари яшаётган маҳаллада, таълим олаётган мактабларида қандай ишларни амалга ошириш кераклигини мисоллар билан тушунтириб беришди, ўтказилган викторина эса ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини маълум бир даражада оширишга хизмат қилди.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари, академик лицейлар ва умумтаълим мактабларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар давом этмоқда.
ИИВ Малака ошириш институти
Матбуот хизмати