ИИВ ишчи гуруҳи Сурхондарёда
Сурхондарё вилоятида жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ишларни ўрганиш ва ички ишлар органларининг қуйи тизимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлади.
Президентимизнинг жорий йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ишчи гуруҳ вилоятдаги криминоген вазиятни янада барқарорлаштиришга қаратилган махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўтказмоқда.

Маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг мавжуд муаммоли масалаларини аниқлаш ва ҳал этишга кўмаклашмоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, шу кунгача воҳада 864 фуқаронинг ижтимоий-маиший муаммолари ўз ечимини топди. Жумладан, 119 нафар вояга етмаганлар таълимга қайтарилди. 92 нафар аёлга “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилди. 33 та оила яраштирилиб, 40 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 480 нафар уюшмаган ёшлар билан профилактик суҳбат ўтказилди. 31 та жиноий ва 347 та маъмурий ҳолат аниқланди.

Махсус тадбирлар чоғида 17 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, 9 та жиноят фош этилди. 32 дона ўқотар қурол ихтиёрий равишда топширилиб, 90 дона ўқ-дори олиб қўйилди. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналиши бўйича 2 минг 983 та қоидабузарлик аниқланиб, уларга тегишли таъсир чоралари кўрилди.

Ўрганишлар давомида туман ва шаҳарларни жиноятдан ҳоли намунали ва хавфсиз ҳудудга айлантириш, ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда бу борада шаҳар ва туманларда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлар фаолиятининг натижалари, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш аҳволи ўрганилиб, ҳудудлардаги сектор раҳбарларининг криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича ташаббуслари самарадорлиги кўздан кечирилди.

Шунингдек, вилоят ҳудудида ички ишлар органлари ходимларининг хизмат ўташ ва яшаш шароитлари ўрганилиб, аниқланаётган муаммо ва камчиликлар бартараф этилмоқда.
Ишчи гуруҳнинг вилоятда тезкор-профилактик тадбирлари ва учрашувлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматраимов, ЎзА