ИИВ: Ғузорда 22 нафар ўқувчида заҳарланиш аломатлари кузатилди – жиноят иши қўзғатилган
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларида заҳарланиш аломатлари кузатилгани юзасидан расмий ахборот берилди.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилинишича, 23 сентябрь куни соат 11:45 ларда дастлаб 21 нафар ўқувчи кўнгил айниши ва бош оғриғи каби аломатлар билан Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган.
Кейинги ўрганишларда 10-11 синфларда таҳсил олувчи жами 22 нафар ўқувчида заҳарланиш аломатлари кузатилгани аниқланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, мактабга туташ ҳудуддаги фермер хўжалиги томонидан шу куни соат 09:00 ларда пахтанинг эрта етилишини таъминлаш мақсадида «Агро Аугрон» номли восита сепилган. Ўқувчилар мазкур восита таъсирида ҳаво орқали заҳарланган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Уларга бирламчи «ошқозон диспепсия синдроми» ташхиси қўйилган. Ҳозирда 7 нафар ўқувчи Ғузор туман тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда. Соғлиғи яхшиланган 15 нафар ўқувчига уйига жавоб берилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 201-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Тегишли экспертизалар тайинланиб, Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади расмий ахборотда.
ЎзА