ИИБ ходими “Бўрижар” каналида чўкаётган 13 ёшли болани қутқариб қолди (+видео)
Пойтахтнинг “Бўрижар” каналида чўмилиш вақтида чўкаётган 13 ёшли Муҳаммадни Яккасарой тумани ИИО ФМБ Пость-патруль хизмати инспектори Расул Жўраев қутқариб қолди. Шунингдек, қутқарув жараёнида ёрдам кўрсатган фуқаро Зухриддин Эшқувватовнинг жасароти ва тезкор ҳаракати туфайли боланинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Қаҳрамон бўлиб туғилмайдилар, қаҳрамон бўлиб етишадилар. Жасорат, садоқат ва Ватанга муҳаббат инсон қалбида йиллар давомида тарбияланади. Бу тарбиянинг илк пойдевори эса оилада қўйилади. Фарзандини эл-юрт тинчлиги, халқ хавфсизлиги ва инсон ҳаётини ҳамма нарсадан устун қўядиган мард ўғлон этиб вояга етказаётган ота-оналар ҳар қандай эътирофга муносиб.
Ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сафида хизмат қилаётган ҳар бир ходимга давлат бежиз ишонч билдириб, шарафли ҳарбий либосни кийдирмаган. Бу ҳарбий либос ортида юксак масъулият, матонат ва энг муҳими, инсон ҳаёти учун курашишга тайёр қалб мужассам.
Пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Бўрижар каналида содир бўлган бахтсиз ҳодиса ана шу ишончнинг амалдаги ёрқин исботига айланди. Вояга етмаган боланинг ҳаёти бир неча сониялар ичида фожиа билан якунланиши мумкин эди.
Аммо Патрул-пост хизмати ходимининг тезкорлиги, жасорати ва касбига садоқати туфайли бир боланинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Инсон ҳаётини сақлаб қолиш эса — ҳар қандай мукофотдан юксакроқ шарафдир. Бу жасорат ортида йиллар давомидаги тайёргарлик, темир интизом, юксак масъулият ва халққа хизмат қилишга берилган қасам туради.
Ҳодиса ҳақида батафсил видео давомида танишасиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/esIZqcPgL-w" title="YouTube video player" frameborder="0" allowfullscreen></iframe>Моҳичеҳра Эшмирзаева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА