Бугунги кунда Ўзбекистонда электр станцияларининг умумий ўрнатилган қуввати 23 минг 462 мегаватт, шу жумладан, иссиқлик электр станцияларининг умумий қуввати 16 минг 384 мегаваттни ташкил этади. Бу эса ягона энерготизимдаги ўрнатилган қувватнинг 70 фоизи деганидир.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг ана шундай муҳим тармоғи бўлган мазкур тизимда ишлаб чиқариш жараёнида барқарорликни таъминлаш, янги инвестицион лойиҳаларни жорий этиш, юқори самарадорликка эришиш баробарида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ чора-тадбирларнинг амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эга.
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти генерация бош бошқармаси бошлиғи Ғолибжон Салимёров билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
–Айни пайтда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ олдида турган куз-қиш мавсуми учун аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларини электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлашга қаратилган қандай ишлар амалга оширилмоқда? Умуман тизимидаги ИЭСлар куш-қиш мавсумига тайёрми?
– Таъкидлаш керакки, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2025 йилнинг саккиз ойи якуни бўйича 17 миллиард 597,2 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва белгиланган режа 109,4 фоизга бажарилди.
Албатта, куз-қиш мавсумига пухта тараддуд кўриш энг муҳим вазифаларимиздан. Шу сабабли, биз ушбу жараёнларга алоҳида эътибор қаратамиз. Жорий мавсумга келсак, бу борадаги ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида олдинда турган куз-қиш мавсуми учун аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларини электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида жами 35 та энерго объектда, шу жумладан, 3 та энергоблок, 24 та қозон, 3 та буғ-газ қурилмаси, 3 та газ-турбина қурилмаси, 2 та газ-поршен агрегатларини мукаммал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Мавсумга тайёргарлик жорий йилнинг февраль ойидан бошланган бўлиб, бугунги кунга қадар 15 та энергоқурилмада, жумладан, 1 та энергоблок, 12 та қозон, 2 та газ-поршен агрегатларида таъмирлаш ишлари якунланди.
Айни кунларда 10 та энергоқурилмада, яъни 1 та энергоблок, 8 та қозон ва 1 та газ-турбина қурилмасида мукаммал ҳамда ўрта таъмир ишлари амалга оширилмоқда.
Режалаштирилган таъмир ишлари тўлиқ амалга оширилиши натижасида энергоқурилмаларнинг ишончли ишлаши таъминланиб, мавжуд қуввати
89 МВт ҳамда қозон қурилмаларнинг ишлаб чиқариш қуввати 45 тонна/соатга оширилишига эришилади.
Бундан ташқари, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги “Тошкент иссиқлик маркази” корхонасининг 9 та иссиқлик марказидаги 13 та қозонларнинг мукаммал таъмирлаш ишларидан ташқари 47 та қозонларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
– Маълумки, ИЭСлардаги маънан эскирган энергоқурилмалардан босқичма-босқич воз кечиш, яъни консервация ишлари ҳам белгиланган. Айни пайтда бу жараён қандай кечмоқда?
–Тизимда эски поғонадаги энергоқурилмалардан босқичма-босқич воз кечиш, яъни консервация ишлари ҳам белгиланган бўлиб, Президентимизнинг тегишли қарори асосида электр станциялардаги хизмат муддатини ўтаган энергоқурилмаларни ишлаб чиқаришдан чиқариш жараёнлари олиб борилмоқда.
Бунинг провардида тизимда янги инвестиция лойиҳаларини кенг жорий этиш, энерготежамкор ускуналар ёрдамида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш борасида ҳам амалий ишлар бажариляпти. Жумладан, Талимаржон ИЭС (1065 МВт) ва Навоий ИЭСда (650 МВт) янги инвестиция лойиҳалари, Фарғона ИЭМда (100 МВт) қувватли модернизация ишлари олиб борилмоқда.
– Бугунги кунда ИЭСларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ чора-тадбирлар қандай натижа бермоқда?
–Тизимда атроф-муҳит масаласи ҳам доимий эътибор марказида бўлиб, 15 та автоматик мониторинг станцияси ишга туширилди, 16 та экопост ўрнатилди, 11 та чанг-газ тозалаш ускунаси таъмирланди. 3 та когенерация қурилмаси ишга туширилди. Ишчи ва мутахассислар экологик соф транспорт воситаларидан фойдаланишига эътибор қаратиляпти.
Аҳамиятлиси, пойтахтимизнинг 7 та (Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Учтепа, Миробод, Яшнобод, Янги Ҳаёт) туманларида 2026 йил якунига қадар 20-25 МВт қувватга эга замонавий когенерация марказларини қуриш ва ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, 215 гектар ер майдонида анъанавий ва томчилатиб суғориш тизими ташкил этилди. Айни пайтда ушбу йўналишдаги ишлар давом этяпти.
Бу жараёнда муқобил энергия манбаларидан ҳам самарали фойдаланиляпти. Хусусан, жорий йилда 13,6 мегаватт қувватга эга қуёш станциялари ишга туширилди. Бундан ташқари, қуёш сув иситгичлари ишлатилмоқда, қуёш панелли ёритиш чироқлари, сенсорли ҳаракат датчиклари ҳам экологик соф ривожланишга хизмат қиляпти.
Бундан ташқари, 2026 йил якунига қадар тизимда анаънавий электр энергияси ишлаб чиқариш билан бир қаторда, “яшил” энергия улушини кўпайтириш мақсадида Тўрақўрғон ИЭС, Муборак ИЭМ ва Фарғона ИЭМ ҳудудидаги бўш ер майдонларида умумий қуввати 240 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади.
Бу каби чоар-тадбирлар эса айнан тизимда юқори самарадорликка эришиш баробарида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ чора-тадбирларнинг амалий натижасидир.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/o6TikEfNIvk?si=_Enc6Vhrvwec2-yX" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Аброр Содиқов,
Анвархўжа Аҳмедов (видео+монтаж), ЎзА