Ички аудит хизматлари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Ҳисоб палатаси ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматлари фаолиятининг бюджет қонунчилиги бузилишининг олдини олиш юзасидан амалга оширган ишлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорларида белгиланган устувор йўналишлар, жумладан, иш ҳақи ҳисобланиши, субсидиялар манзиллилиги ва самарадорлиги, давлат қарзи ва грантлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар натижадорлиги, қурилиш ишлари ва давлат харидлари амалга оширилиши устидан назоратни кучайтириш масалалари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Жорий йил 1 январдан бошлаб жорий этилган “Давлат аудити” дастурий комплекси орқали текширишларни ўзаро мувофиқлаштириш натижасида 251 та такрорий ва асоссиз назорат тадбирларининг олди олинганлиги маълум қилинди.
Қайд этилганидек, масофавий ва онлайн назоратнинг кенг кўламда қўлланилиши самарасиз назорат тадбирларини қисқартирди. Бир вақтда уларнинг сифатини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, мамлакатимиз бўйича ўтказилган назорат тадбирларининг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга камайиб, 3 минг 639 тани ташкил этди.
Мамлакатимизда “Давлат аудити” дастурий комплекси ишга тушгани ва унинг воситасида эришилаётган ижобий натижалар ҳақида Европа Олий аудит органлари ташкилоти (ЕВРОСАИ)нинг Ахборот технологиялари бўйича махсус бюллетени ҳамда Россия Ҳисоб палатасининг “Мониторинг” нашрида қайд этилиб, юқори баҳоланди.
Шунингдек, ҳайъат йиғилишида соҳада қатор тизимли камчиликларга йўл қўйилаётганлиги кескин танқид остига олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА