Ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда
“Андижон вилояти сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Андижон вилоятида ҳудудларни сув билан таъминлаш, аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш” мавзусида матбуот анжумани ва пресс тур ўтказилди.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан ўтказилган тадбирда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари матбуот хизматлари раҳбарлари, блогерлар иштирок этди.
Матбуот анжуманида “Андижон вилояти сув таъминоти” МЧЖ раҳбари Шухратбек Матмусаев сўз олиб, журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан муборакбод этди. Аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, оқова сув тармоғини яхшилаш борасида жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида амалга оширилган ишлар хусусида маълумотлар берилди.
[gallery-7711]
– Кейинги йилларда мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди жамият раҳбари Ш. Матмусаев. – Биргина Андижон вилоятида 65 та объектда қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 471 километр узунликдаги ичимлик ва оқова сув тармоғи тортилди. Ана шу ишларни амалга ошириш учун 194,1 миллиард сўм маблағ сарфланди. Амалга оширилган ишлар натижасида вилоятдаги 115 та маҳаллада яшовчи 49,5 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик сув билан таъминланган бўлса, 80 минг нафардан зиёд аҳолининг ичимлик сув таъминоти янада яхшиланди. Жумладан, кўп йиллардан буён ичимлик сув таъминотидаги муаммолар туфайли азият чекиб келаётган Балиқчи туманидаги Шеробод, Қўрғонтепа туманидаги Иқтисодчи, Олтинкўл туманидаги Хондибоғи маҳаллаларига ҳам ичимлик сув етиб борди. Бундан ташқари, 36,5 минг нафар аҳоли яшайдиган хонадонлар биринчи бор оқова сув тармоғига уланди. Бугунги кунга келиб Андижон вилоятида аҳолининг ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 82,4 фоиздан 84 фоизга, оқова сув тармоғи билан таъминланиш даражаси 7,1 фоиздан 7,8 фоизга ортди.
Анжуманда йилнинг ўтган даври мобайнида Андижон, Жалақудуқ, Избоскан, Олтинкўл, Пахтаобод, Балиқчи, Шаҳрихон, Асака ва Марҳамат туманлари ҳокимликлари томонидан ажратилган 3,4 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ҳисобига ҳудудларда 36 дона янги сув насоси ўрнатилганлиги, 96 километр янги сув тармоғи тортилганлиги таъкидланди. Шунингдек, анжуманда келгусида амалга оширилиши белгиланган ишлар хусусида ҳам маълумотлар берилди. Андижон вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар доирасида 5 минг 700 километр ичимлик суви тармоғини тортиш, 1 минг 21 дона сув иншооти ҳамда 813 километр оқова сув тармоғи, 19 та оқова сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланганлиги айтиб ўтилди.
Матбуот анжумани доирасида “Андижон вилояти сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини, соҳада олиб борилаётган ишларни ёритишда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ журналист, блогер ҳамда ахборот хизматлари раҳбарларига эсдалик совғалар топширилди. Шундан сўнг “Андижон” оқова сув тозалаш иншоотига пресс-тур ташкил этилди. Иштирокчилар иншоот фаолияти, оқова сувни тозалаш жараёнлари билан бевосита танишди. Умумий майдони 32 гектарни ташкил этувчи мазкур иншоот бир кеча кундузда Андижон шаҳридан чиқадиган 110-120 минг метр-куб оқова сувни тозалаш имконига эга. Иншоот айни кунда 183 минг нафар аҳолига ҳамда 2 мингдан зиёд юридик ташкилотга хизмат кўрсатади.
Пресс-тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА