
Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ичимлик суви танқислиги долзарб муаммолардан бири. Буни аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 80,9 фоиз эканидан ҳам англаш мумкин.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида ичимлик суви таъминотининг 65 фоизи ер ости ва 35 фоизи ер усти сув манбаларидан олинади.
Истеъмолчиларга тоза ичимлик сувини етказиб бериш ҳамда оқова сувларни чиқариб юбориш ўз ўрнида бир қатор ишлаб чиқариш босқичларини, минглаб ходимлар меҳнатини талаб этади.
Мавжуд вазият эса аҳолини сув билан таъминлаш масалаларида бозор нархлари механизмларига ўтиш зарурлигидан далолат беради. Хўш, бунда тарифлар қандай шакллантирилади? Марказлашган ичимлик сувининг нархи қайси тамойиллар асосида белгиланади? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида “Ўзсувтаъминот”АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродовга мурожаат қилдик.
– Ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тарифларни шакллантириш, тасдиқлаш ва амалга киритиш Ўзбекистон Республикасининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ амалга оширилади,– деди Акмал Муродов.– Қонунга асосан сув таъминоти корхоналари томонидан шакллантирилган таклифлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, нархларни тартибга солиш органларининг хулосалари олингандан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланади.
Тарифларнинг белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилиши соҳани ривожлантириш ва модернизация қилиш орқали истеъмолчиларга янада сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлайди.
Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учун тарифлар:
–маҳсулот таннархига киритилган харажатлар (электр энергия, иш ҳақи, реагентлар, жорий ва мукаммал таъмирлаш);
–жорий харажатлар;
–тизим объектларини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари;
–Халқаро молия институтлари олдидаги мажбуриятлар;
–солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
Сўнгги йилларда юртимизда марказлашган ичимлик суви таннархи ва ундан фойдаланиш учун белгиланган сув тарифлари орасидаги тафовут катталашди. Бу йўналишдаги мавжуд ҳолат ичимлик суви етказиб бериш тизимини модернизация қилишга тўсқинлик қилмоқда.
Таннарх шаклланишига асосий ишлаб чиқариш харажатларидан бошқа яна бир қатор омиллар таъсир қилади:
Биринчидан, сўнгги 3 йилда истеъмолчилар сони 1 миллиондан ошган. Бу эса ичимлик суви етказиб бериш учун янада кўпроқ меҳнат ва харажатларни талаб этади;
Иккинчидан, сувни узоқ масофага етказиш жуда катта электр энергияси талаб этувчи насослар орқали амалга оширилади.
Қолаверса, 2023 йил 1 октябрдан электр энергияси нархи 450 сўмдан 900 сўмга,2025 йил 1 майдан 900 сўмдан 1000 сўмга ошганлигини ҳам эслаб ўтиш жоиз;
Учинчидан, мунтазам равишда юзага келадиган авария ҳолатларини бартараф этиш, тармоқларни жорий ва мукаммал таъмирлаш харажатларидир.
Бугунги кунда 1 метр куб ичимлик суви тариф харажатларида электр энергия харажатлари 27 фоизни, мукаммал ва жорий таъмирлаш харажатлари 19 фоизни, хорижий молия ташкилотларидан жалб этилган кредитларни қайтариш харажатлари 21 фоизни, иш ҳақи харажатлари 29 фоизни, амортизация ва бошқа харажатлар 4 фоизни ташкил этади.
Кўрсатилаётган ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифларини вақтида кўриб чиқмаслик натижасида корхонанинг ўз жорий харажатларини қоплаш имконияти чекланиб боради. Хусусан:
–соҳага жалб этилган ҳамда жалб этилаётган инвестициялар бўйича мажбуриятлар хорижий валютада бажарилиши зарур. Сўнгги уч йилда хорижий валютада олинган кредитларни қайтаришда чет эл валюта курсининг йил давомида кескин ошиши натижасида молиявий харажатлар ҳам ошмоқда;
– валюта курси 21 фоизга;
–зарарсизлантириш воситалари (хлор) 47 фоизга;
–жорий ва мукаммал таъмирлаш воситалари (қувур) 25-50 фоизга;
–Миллий гвардия иншоотларини қўриқлаш хизматлари ўртача 60 фоизга ошган.
Шунингдек, 2021 йил тасдиқланган тарифларда энг кам иш ҳақи 679 минг сўм бўйича ҳисобга олинган бўлиб, бугунги кунда бу кўрсаткич 1155 минг сўмни ташкил этмоқда ёки иш ҳақи миқдорлари (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори) 44 фоизга ошган.
Бундан ташқари, ичимлик ва оқова сув иншоотларини қўриқлаш хизмати тўловлари сўнгги уч йилда 6 марта ошганлиги натижасида 18,5 миллиард сўм қўшимча тўловлар келиб чиққан.
Масаланинг энг ўйлантирадиган томони шундаки, бу харажатлар 3 йил олдин тасдиқланган амалдаги тарифларда кўзда тутилмаган.
Ҳозирги тарифлар билан ҳисоблайдиган бўлсак, аҳолига марказлашган тармоқлар орқали етказилаётган ичимлик сувининг 1 литри 2 сўм 79 тийинга тўғри келади. Савдо дўконларида эса 1литр пластик қадоқдаги сув ўртача 4 минг сўмдир. Бундан кўринадики, ичимлик суви нархи 1430 баравар арзон ёки савдо дўконларида харид қилинадиган 1 литр сув пулига Тошкент шаҳрида 2800 литр ичимлик суви етказиб берилади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, корхоналар ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариши учун тарифларни қайта кўриб чиқиши ҳамда уларни таннарх харажатларини тўлиқ қоплайдиган даражага етказиш талаб этилади.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларида ичимлик ва оқова сув тарифлари қайта кўриб чиқилди.
Нилуфар Бозорова ёзиб олди.
ЎзА