"ICDV&C-2026": Дерматовенерология ва эстетик тиббиётнинг долзарб масалалари
Пойтахтимизда дерматовенерология ва тиббий косметологиянинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Ўзбекистон дерматовенерологлари ва косметологлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман жаҳон илм-фани ва клиник амалиётини бир майдонда бирлаштирди.
Бугунги кунда бутун дунёда тери-таносил касалликлари ва эстетик тиббиёт йўналишидаги талаблар кескин ўзгариб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолиси ўртасида тери касалликлари умумий хасталиклар тузилмасида салмоқли улушни эгаллаб, инсонларнинг ҳаёт сифатига сезиларли таъсир кўрсатадиган омиллардан бири ҳисобланади. Айниқса, экзема, псориаз ва атопик дерматит каби сурункали хасталикларнинг глобал миқёсда ёшариб бораётгани, шунингдек, тиббий косметологиянинг жадал ривожланиши соҳада хавфсиз, илмий асосланган ва замонавий ёндашувларни тақозо этмоқда.
Мазкур нуфузли конференция айнан шундай глобал ва маҳаллий муаммоларни ҳал этиш, илғор диагностика ҳамда даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида ихтисослашган хизматларни тубдан янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ҳудудий тиббиёт муассасалари замонавий жиҳозлар, жумладан, рақамли дерматоскоп ва физиотерапевтик аппаратлар билан таъминланди, маҳаллий олимлар томонидан кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиб, амалиётга татбиқ этилди. Бироқ соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган айрим долзарб масалалар ҳам мавжуд.
Хусусан, сурункали касалликларнинг барвақт олдини олиш, аҳолига малакасиз шахслар томонидан кўрсатилаётган хавфли косметологик хизматларнинг оғир асоратларига қарши курашиш ҳамда бошланғич стадияда хавфли тери ўсмаларини аниқлашда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланишни янада кенгайтириш каби вазифалар диққат марказида турибди.
Шу боисдан ҳам пойтахтимизда ўтказилаётган мазкур анжуманга дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан, жумладан, АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Буюк Британия, Дания, Беларусь, Озарбайжон, Тунис, Эрон, Қозоғистон ва Қирғизстондан ташриф буюрган етакчи мутахассислар, таниқли олимлар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этмоқда. Конференцияда дерматовенерологлар, косметологлар, аллерголог-иммунологлар, ревматологлар, онкологлар, инфекционистлар, патоморфологлар, педиатрлар ва бошқа турдош соҳа вакиллари бирлашди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Республика дерматовенерология ва косметология маркази директори ҳамда Ўзбекистон дерматовенерологлар ассоциацияси президенти Улуғбек Сабиров соҳавий ҳамкорликни ривожлантириш, тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини такомиллаштириш ва инновацион технологияларни амалиётга кенг татбиқ этишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Бугунги кунда фан ва амалиёт уйғунлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини, “ICDV&C-2026” конференцияси тажриба алмашиш, шунингдек, тиббиётимиз келажагини белгиловчи янги клиник протоколлар ва илмий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун улкан имконият яратишини таъкидлади.
Конференциянинг кенг қамровли илмий дастуридан болалар дерматологияси, мураккаб клиник ҳолатлар таҳлили, жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар ва эстетик тиббиётдаги янги технологиялар, дерматологиянинг долзарб муаммолари, трихология ва подология, дерматозлар, шунингдек, психодерматология каби ўта муҳим йўналишлар ўрин олди.

– Борган сари тиббий косметология ва трихология йўналишлари жадал ривожланиб, аҳоли томонидан унга бўлган талаб кескин ошмоқда. Бироқ, бу жараёнда соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик стандартларига қатъий амал қилиш, малакали шифокорлар томонидан илмий асосланган муолажаларни ўтказиш муҳим ҳисобланади. “ICDV&C-2026” доирасида кўтарилаётган масалалар ва мутахассисларнинг ўзаро фикр алмашиши айнан шундай долзарб муаммоларнинг илмий ечимини топишга хизмат қилади, – деди Ўзбекистон дерматовенерологлар ассоциацияси директори Фотима Азимова.
Тадбир давомида шифокорлар тери саломатлигини асраш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича қатор муҳим тавсияларни ҳам илгари сурди. Хусусан, тиббий мутахассислар терини қуёш нурларининг зарарли ультрабинафша таъсиридан доимий равишда ҳимоя қилиш, кун давомида етарли миқдорда сув ичиш орқали организм ва тери гидратациясини сақлаш, тўғри ва мувозанатли овқатланиш, шунингдек, ўзбошимчалик билан, турли ижтимоий тармоқлар ёки малакасиз шахслар тавсиясига кўра кучли гормонал мазлар ҳамда номаълум косметологик воситаларни қўллашдан қатъиян тийилиш кераклигини таъкидлади.
Мутахассисларнинг фикрича, терида ҳар қандай шубҳали ўзгаришлар, қичишиш ёки холларнинг шакли ўзгариши кузатилса, дарҳол малакали шифокор-дерматологга мурожаат қилиш касалликни эрта босқичда даволашнинг энг асосий гаровидир.

Шунингдек, анжуман доирасида ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус ёш олимлар танлови, илмий сессиялар ва амалий маҳорат дарслари ташкил этилди. Бу бошланғич фаолият босқичидаги ёш мутахассисларга ўз тадқиқотлари натижаларини тақдим этиб, халқаро экспертлардан қимматли баҳоларни олиш имконини берди. Кўргазма экспозициясида эса иштирокчилар замонавий дори воситалари, инновацион тиббий ускуналар ва илғор диагностика тизимлари билан яқиндан танишди.
Эслатиб ўтамиз, икки кунлик халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини давом эттирмоқда. Бугунги сессияларда яна янги илмий маърузалар, мураккаб клиник ҳолатлар муҳокамаси ва соҳавий халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим учрашувлар бўлиб ўтяпти. Тадбир якунида соҳани янада ривожлантириш юзасидан муҳим қўшма ташаббуслар, клиник протоколлар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА