Ибтидо бор - интиҳо муқаррар!
Ўлим ҳақ, - дейилади. Мулк эса яшаш учун восита. Инсон вафотидан сўнг унга тегишли бўлган мол-мулк ва ҳуқуқлар унинг ворисларига ўтади. Оддий, содда ва равон қилиб тушунтирадиган бўлсак, фуқаро Обидов вафот этди, унга тегишли бўлган машина, уй-жой, компания ва бошқа ҳуқуқлар унинг фарзандларига, аёлига, ота-онаси ёки бошқа қариндошларига расмийлаштирилиб берилиши мумкин. Агар Обидов ўлимидан олдин васиятнома ёзиб қолдирган бўлса, мол-мулклар васиятномада кўрсатилган шахсга ўтади, ҳатто у Обидовга ҳеч қандай қон-қариндошлик жиҳатидан алоқаси бўлмаса ҳам.
Қонунчилик барча шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Шу сабабли гарчи васиятнома бўлса ҳам, мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатини шакллантирган. Уларга қуйидагилар киради:
•мерос қолдирувчининг вояга етмаган фарзандлари;
•меҳнатга қобилияциз болалари;
•фарзандликка олган болалари;
•шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси;
•уни фарзандликка олганлар.
Бироқ баъзи мол-мулк, ҳуқуқ ва мажбуриятлар борки, улар вафот этган шахснинг (мерос қолдирувчининг) ворисларига (меросхўрларига) ўтмайди. Уларни аниқ билиб олишимиз зарур. Сабаби - нотўғри ҳуқуқий маслаҳат бериб қўйишни олдини олиш. Демак улар қуйидагилар:
Мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар:
1. юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса (эътибор беринг аъзолик ва иштирок этиш ҳуқуқини назарда тутмоқда, аъзолик асосида тегишли бўлган мол-мулкни эмас);
2. ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи (буни зарар етказганлик учун келиб чиқадиган мажбуриятларда ҳаёт ва соғлиқ учун етказилган зарарни ундириб олишга тўғридан-тўғри ҳуқуқи бўлган шахслар билан адаштириб юборманг. Жумаладан, ФК 1009-модда);
3. алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар (кимга нисбатан алимент ундириш тўғрисида ариза берилган бўлса, ўша шахснинг ҳуқуқ ва мажбурияти меросхўрларга ўтмайди. Агар сиз бобо-бувидан алимент ундирмоқчи бўлсангиз қайта ариза беришингиз лозим бўлади, шахсан уларни номлари кўрсатилган ҳолда);
4. меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи (шахслар давлат томонидан турли хилдаги таъминот олишади. Жумладан, ногиронлиги бор шахслар оладиган сумма ва уни олиш ҳуқуқи меросхўрларга ўтмайди. Сабаби ушбу таъминот шахсга узвий боғлиқлигидир);
5. мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди (кўпчилик мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар нима эканлигини билмайди. Ушбу ҳуқуқлар сирасига шахснинг номи, ташқи қиёфаси, шаън ва қадр-қимматига бўлган ҳуқуқлари киради. Демак, булар мерос таркибига кирмайди. Интеллектуал мулк еса мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлган шахсий номулкий ҳуқуқ бўлгани учун мерос объекти ҳисобланади).
Шу ўринда бир ўгитни таъкидлаб ўтмоқчиман: Ҳақиқий мерос - ота-онанинг фарзандларига берган ақли ва тарбиясидир.
Генетика - жуда ажойиб. Кимгадир кўм-кўк кўзлар, жингалак сочлар, узун киприклар мерос бўлиб ўтади. Яна кимгадир бутун бир шаҳарчага тенг бўлган вилла, яна кимгадир эса турли касалликлар ва дафн маросими харажатлари тегишли бўлиб қолади.
Фуқаролик қонунчилигида ворислик институти ворисликнинг умумий қоидалари, васият бўйича ворислик, қонун бўйича ворислик ҳамда меросни эгаллашга доир нормалар йиғиндисидан иборатдир. Сабаби ворислик икки асосда юзага келади: ВАСИЯТНОМА ва ҚОНУН бўйича ворислик.
Халқимизда Ҳадя шартномаси ва Васиятномани бир хил тушунча деб қараш шаклланган. Ҳуқуқий эмас, халқчил тилда тушунтирадиган бўлсак, ҳадя шартномасида шахс ўзига тегишли бўлган мол-мулкни тириклик пайтида бошқа шахсга текинга совға қилади, кўчмас мулк бўлса ушбу мулкни ҳадя қилувчи ҳадя олувчининг "номига ўтказиб беради". Масалан, фуқаро Соипов ўзининг автомашинасини синглиси Соиповага ҳадя қилди ва ушбу ҳадя шартномасини нотариал тасдиқлатди, давлат рўйхатидан ўтказди. Энди мулкдор Соипова ҳисобланади.
Васиятномада эса шахс ўзига тегишли мол-мулкини вафот этганидан сўнг кимга қолишини хоҳласа ўша шахсга қолдириш ҳақидаги истагини ёзади ва ушбу васиятнома васият қолдирган шахснинг вафотидан сўнг кучга киради. Жумладан, фуқаро Кенжаев ўзига тегишли бўлган уй-жойни тўртинчи фарзанди Кенжаевага қолдириш ҳақида нотариал идорада васиятнома расмийлаштирди. Ушбу васиятнома Кенжаевнинг ўлимидан сўнг кучга киради ва унинг фарзанди мерос тўғрисидаги гувоҳномани олганидан сўнг мулкдорга айланади.
Ҳуқуқий тилда айтадиган бўлсак, Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди (яъни бир шахс васиятномани расмийлаштириш учун бошқасига ишончнома бера олмайди. Сабаби у васиятномани шахсан ўзи тузиши лозим).
Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.
Агар қариндошларингиз ва дўстларинигиз билан пул ёки меросни бўлишиб кўрган бўлмасангиз, улар "яхши" деб ишонч билан айтманг...
Тошкент давлат юридик университети
Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Усмонова Мунисхон Йўлдош қизи