Иброҳим Абдураҳмонов 2026 йилги Жаҳон қишлоқ хўжалиги мукофоти лауреати бўлди
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири, таниқли олим Иброҳим Абдураҳмонов “Ривожланаётган иқтисодиётлар” йўналиши бўйича 2026 йилги GCHERA Жаҳон қишлоқ хўжалиги мукофоти (World Agriculture Prize) лауреати деб топилди.
Мазкур нуфузли мукофот унинг қишлоқ хўжалиги фани, биотехнология, инновация, таълим ва давлат бошқаруви соҳаларидаги фаолияти, шунингдек, аграр маҳсулдорликни ошириш, илмий салоҳият ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилди.
И.Абдураҳмоновнинг илмий фаолияти пахта геномикаси, молекуляр генетика, генетик хариталаш, маркерларга асосланган селекция, биоинформатика ва биотехнология йўналишларини қамраб олади. Унинг ўсимликлардаги генетик механизмларни ўрганиш бўйича тадқиқотлари пахтанинг муҳим ген оилаларини аниқлаш ва тавсифлашга, шунингдек, “Порлоқ” туркумидаги пахта навларини яратишга хизмат қилди. Ушбу навлар эртапишарлиги, тола сифатининг яхшилангани ва мураккаб экологик шароитлардаги барқарорлиги билан аҳамиятли экани қайд этилган. Олим раҳбарлигида олиб борилган тадқиқотлар пахта генофондидаги генетик хилма-хилликни чуқурроқ ўрганиш имконини ҳам берди. Жумладан, генетик боғлиқлик ва ассоциациявий хариталаш усулларидан фойдаланиш орқали тола сифати ҳамда бошқа иқтисодий аҳамиятга эга белгилар билан боғлиқ ДНК-маркерлар аниқланди. Бу эса замонавий селекция жараёнларини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Иброҳим Абдураҳмонов 2012 йилда Ўзбекистон Геномика ва биоинформатика марказига асос солган. Марказ геномика, молекуляр селекция, биоинформатика ва биотехнология соҳаларида минтақадаги етакчи илмий муассасалардан бирига айланди. Унинг фаолияти доирасида халқаро университетлар ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, пахта, буғдой, картошка, боғдорчилик экинлари ва бошқа муҳим аграр йўналишларда тадқиқотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, олим ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш, геномика, протеомика, биоинформатика ва биотехнология соҳаларида илмий кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Таълим, илмий раҳбарлик ва халқаро ҳамкорлик орқали Марказий Осиёдаги талабалар ва тадқиқотчиларнинг замонавий лабораториялар, илғор селекция технологиялари ҳамда халқаро илмий тармоқлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайди.
Маълумот ўрнида: 2013 йилда таъсис этилган Қишлоқ хўжалиги ва табиат фанлари бўйича олий таълим ассоциациялари глобал конфедерацияси (GCHERA) нинг Жаҳон қишлоқ хўжалиги мукофоти халқаро миқёсда қишлоқ хўжалиги ва инсон фаровонлигига илмий кашфиётлар, етакчилик, инновация ҳамда амалий фаолият орқали салмоқли ва узоқ муддатли ҳисса қўшган шахсларга берилади. Лауреатларни тақдирлаш маросими жорий йил 28 октябрь куни Нанкин қишлоқ хўжалиги университетида ўтказилиши кўзда тутилган.
Ў.Алимов, ЎзА