“Ибратли судья” мукофотининг фарғоналик совриндори тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш мақсадида “Ибратли судья” мукофоти жорий этилиб, Судьялар олий кенгаши томонидан “Судьялар фаолиятини баҳолаш бўйича электрон рейтинг тизими" яратилган. Унга кўра, энг яхши деб топилган судьялар йил якунида “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиши кўрсатилган. Ўтган йили мукофотга номзодларни саралаш натижаларидан келиб чиқиб, республикамиз суд тизимида фаолият юритаётган 16 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланган эди. Жорий йил бошида 20 нафар судья бу шарафга лойиқ кўрилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирни бошқарган Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров судьялар фаолиятини баҳолаш бўйича электрон рейтинг тизими кутилган натижани бераётгани, судьялар фаолияти шаффоф ва одилона баҳоланаётганини таъкидлади.
[gallery-10220]
Бу йилги ғолиблар ҳам юқори рейтинг кўрсаткичлари асосида танлаб олинди.
Судьялар олий кенгаши томонидан онлайн шаклда ўтказилган маросимда ушбу мукофотга сазовор бўлган судьялар тантанали равишда тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар суди раиси Рустам Зарипов ҳам бор.
Таъкидлаш жоиз, рейтинг профессионализм, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, мурожаатлар билан ишлаш, билим даражаси, қабул қилинган суд қарорларининг сифати каби мезонлар асосидаги тўпланган баллар ҳисобидан шакллантирилади. Шу маънода Рустам Зариповнинг ушбу мукофотга ҳақли равишда лойиқ эканлигини унинг кўрсаткичларида намоён бўлди.
Мукофотни топширишга бағишланган тантанали маросимда Судьялар олий кенгаши ҳам, Фарғона вилоят суди раиси ва ҳамкасблари ҳам Рустам Зариповнинг ибратли фаолиятини алоҳида эътироф этди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА