“Ибрат фарзандлари” олимпиадаси
Бугунги кунда ёш авлодни замонавий билимлар билан қуроллантириш, айниқса, хорижий тилларни пухта ўзлаштиришга бўлган қизиқишини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида юртимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилаётган фан олимпиадалари, танлов ва лойиҳалар ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида бўлиб ўтган “Ибрат фарзандлари” Республика очиқ инглиз тили фан олимпиадаси ҳам ана шундай нуфузли тадбирлардан бири сифатида ёшларни бир майдонга жамлади. Унда вилоятнинг турли умумтаълим мактабларидан 200 га яқин иқтидорли ўқувчилар иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини намоён этди.

–Олимпиада давомида иштирокчилар инглиз тили бўйича турли босқичларда синовдан ўтди, –дейди Ғиждувон тумани мактабгача ва мактаб таьлими бўлими бошлиғи Ҳидоят Жумаева. –Айниқса, уларнинг эркин фикрлаш, мулоҳаза юритиш ва ўз фикрини равон ифода этиш қобилиятлари янада чархланди.

Мазкур олимпиада ёшлар учун оддий мусобақа эмас, балки уларнинг орзу-интилишлари, меҳнати ва келажакка бўлган ишончи намоён бўлган маънавий майдонга айланди. Иштирокчилар нафақат ғолиблик учун курашдилар, балки янги дўстлар орттириш, тажриба алмашиш ва ўз устида ишлаш имкониятига эга бўлди.


Тадбир якунида энг юқори натижаларни қайд этган ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланиб, эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Бу эътироф эса ёшларни янада катта марралар сари илҳомлантиради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири