Ибн Сино издошлари орамизда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фанда исботланганки, тиббиётда қўлланиладиган дори-дармонларнинг қарийб 40-47 фоизи ўсимлик хомашёларидан олинади. Ўсимликлар мураккаб тузилишига эга бўлган жонли табиий кимёвий лаборатория бўлиб, оддий ноорганик моддалардан мураккаб органик моддалар ёки бирикмаларни яратиш қобилиятига эга. Буни яхши англаган ва шу соҳа ичида анча йиллардан бери тажриба орттирган сурхондарёлик Шерзод Мардонов аввалига ибн Сино асарларига юзланди. Доривор ўсимликлардан табиий биологик фаол қўшимчалар тайёрлаш мумкинлигига ишонч ҳосил қилгач, “Ангор-Фарм” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди.
Дастлаб мутахассислардан биологик фаол қўшимчалар тайёрлашда нималарга аҳамият қаратиш керак, қайси ўсимлик ёки гиёҳ қайси таблетка таркибига қанча миқдорда қўшилади, буларни миридан-сиригача ўзлаштирган тадбиркор тоғли ҳудудларда истиқомат қилиб, гиёҳ териш билан машғул кишиларни қидирди. Улар билан келишув асосида тоғ ёнбағирларида ўсадиган гиёҳларни олиб келиб биолабораторияда мутахассислар билан фаолиятни йўлга қўйди.
– Аввалига дорихонада ишлаганим, устига устак оилавий клиникамиз ҳам бўлгани учун оилавий суҳбатларимизнинг асосий мавзуси кўпинча аҳоли саломатлиги, беморларни табиий усулда даволаш ҳақида бўлар эди, - дейди “Ангор-Фарм” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шерзод Мардонов. – Ўзимизда ҳам доривор ўсимликлар, табиий гиёҳлар жудаям кўплиги, фақат ундан кўпчилик фойдаланмаслиги, воҳада бу соҳа янгилик экани бизга туртки бўлди. Ота-бола маслаҳатни бир жойга қўйиб, биологик фаол қўшимча сифатида 3 турдаги таблеткаларни ишлаб чиқаришни мақсад қилдик. Аввалига ушбу таблеткаларни тайёрлаш учун йўриқнома сотиб олдим. Кейин эса мутахассисларнинг ўзи келиб маҳаллий ишчиларга ўргата бошлади. То улар таблетка тайёрлаш, қадоқлаш усулларини ўзлаштиргунича мутахассис ишчилар билан бирга фаолият юритди.
[gallery-6635]
Дастлаб билогик фаол қўшимча бўладиган таблеткалар тайёрлашдан бошланган фаолият 4 турдаги суртмалар тайёрлаш билан янада кенгайди. Жами қиймати 0,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “Ангор-Фарм”нинг доривор ўсимликлар плантациясини барпо этиш, 4 турдаги гигиеник суртмалар ва 3 турдаги таблетка шаклидаги биологик фаол қўшимча ишлаб чиқариш лойиҳаси “Термиз” эркин иқтисодий зонаси таркибига киритилгач, тадбиркорга уйи ёнидаги эски, яроқсиз ҳолга келиб қолган объект фойдаланиши учун берилди.
Эркин иқтисодий зона таркибида бўлиш тадбиркор учун имтиёзли кредит олиш, соҳага оид субсидиялардан фойдаланишида ҳам қўл келди.
Синалмаган отнинг сиртидан ўтма, деганларидек, корхонада ишлаб чиқарилаётган “Систо макс”, “Просто макс”, “Ёда макс” каби биологик фаол қўшимчалар, “Анти лайшман”, “Стоп грибок”, “Стоп гемморой” ҳамда “Угри стоп” мазларининг сифатини табиийки, фақатгина ишлатиб кўрган кишигина билади. Масаланинг бу томонидан тадбиркорнинг кўнгли тўқ.
2017 йил охирларида ташкил этилган ушбу масъулияти чекланган жамияти бугунги кунга келиб, бир ойда тўрт-беш минг дона таблетка ишлаб чиқаришга эришди, мазлардан ҳам ҳар ойига худди шунча миқдорда сотувга чиқарилади. Корхонада беш нафар доимий ишчи ва яна кўплаб мавсумий ва ишбай ишчилар меҳнат қилмоқда. Шунингдек, Кампиртепа, Бойсун ҳамда Хомкон тоғларидан шифобахш гиёҳларни йиғиб, етказиб берувчи ишчилар ҳам Шерзод Мардоновнинг ташаббуси ортидан оила тебратмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ, ЎзА