Иқтисодиёт ривожининг муҳим омили
Мамлакатимизда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган иншоотлардан самарали фойдаланиш, улар негизида ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали кичик бизнесни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган иншоотлардан самарали фойдаланиш, улар негизида ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали кичик бизнесни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Фарғона вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.Вилоятда 2006-2015 йилларда 106 давлат мулки объектини инвестиция киритиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш шарти билан “ноль” қийматда сотиш бўйича шартномалар тузилган.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда уларга яратилаётган имконият ва имтиёзлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби соддалаштирилгани тадбиркорларга бир қатор қулайликлар яратмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 3 июлдаги “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур қарорга мувофиқ, 7 давлат мулки объекти “ноль” қийматда сотилиб, 16 лойиҳага 27,8 миллиард сўмдан зиёд инвестиция киритилди. 630 янги иш ўрни яратилди.
Учкўприк туманидаги “Шерназарова Санобархон” фермер хўжалиги томонидан пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 685 миллион сўмлик инвестиция киритилиб, 30 янги иш ўрни яратилди.
“Fergana uniform tex” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари бугун нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир. Замонавий технологиялар асосида ишлаётган корхона жорий йилнинг ўзида 300 минг доллар миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилишни режалаштирган. Албатта, бу борада истиқболли бизнес лойиҳанинг муҳим ўрни бор. Гап шундаки, корхона Фарғона шаҳридаги собиқ болалар боғчаси биносига киритилиши лозим бўлган 1 миллиард 100 миллион сўм миқдоридаги инвестиция мажбуриятини тўлиқ бажариб, тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиш натижасида 75 янги иш ўрни яратди.
Фарғонадаги автокорхона биноси ва унга қарашли иншоотлар анчадан бери бўш турган эди. Шу йил бошида улар инвестиция мажбурияти билан “ноль” қийматда “Асаларичи – 1” масъулияти чекланган жамиятига берилди. Жамият аъзолари бу ерда асаларичилар маркази ва янги корхона очиш мақсадида сармоя киритиб, дастлабки объектлар қурилишини бошлаб юборди. Ҳозир асаларининг янги, сермаҳсул зотларини яратиш ва маҳсулотни қадоқлаш цехларини қуриш жадал олиб борилмоқда.
– Мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг шароит ва имкониятлар яратилмоқда, – дейди “Асаларичи – 1” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Суярқулов. – Фойдаланилмаётган ҳамда қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектлари, бўш ер участкалари рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш турларини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларининг ўсишини таъминлаш учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига инвестиция киритиш шарти билан сотилаётгани айни муддао бўлмоқда.
Президентимизнинг шу йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан “ноль” харид қийматида танлов асосида сотилиши лозим бўлган 53 давлат мулки, жумладан, қурилиши тугалланмаган объектлардан 52 таси ўтказилган танлов савдоларида ўз эгасини топди. Натижада янги мулкдорлар томонидан 55 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ва 2 минг 341 иш ўрни яратиш мажбурияти олинди.
Мухтасар айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, бўш турган биноларни тадбиркорлик субъектларига “ноль” қийматда бериш орқали етакчи тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида вилоят иқтисодиётида ушбу секторнинг улуши тобора ортмоқда.