Иқтисодий тараққиёт гарови
Зарафшон шаҳрида Навоий кон-металлургия комбинати ва иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи ҳамда энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигига бағишланган республика семинари бўлиб ўтди.
Зарафшон шаҳрида Навоий кон-металлургия комбинати ва иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи ҳамда энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигига бағишланган республика семинари бўлиб ўтди.Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиёт тармоқларида муқобил энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳит мусаффолигини асраш, ёқилғи-энергетика ресурслари тежамкорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Навоий кон-металлургия комбинатида 1 минг 149 қуёшли гелиоколлектордан самарали фойдаланилмоқда. 2014 йилда комбинатга қарашли “Дўстлик” агрофирмасида чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш мақсадида кунига 400 куб метр газ ишлаб чиқариш қувватига эга биогаз ускунаси ишга туширилди. Комбинат тизимида 2015-2019 йилларда умумий қуввати 3 мВт дан ортиқ фотоэлектр станциялари барпо этиш режалаштирилган.
Комбинатда ёқилғи-энергетика ресурсларини иқтисод қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили электроэнергия ва ёнилғи сарфини камайтириш ҳамда тежамкор технологияларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш самарасида 34,5 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини тушириш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирларга мувофиқ, жорий йилда ёқилғи-энергетика ресурслари сарфига ажратиладиган маблағни 57 миллиард сўмга иқтисод қилиш белгиланган.
Иштирокчилар комбинат автокорхоналарида GPS трекерлари ва сигнал тушириш ускуналари билан жиҳозланган юк автомобиллари ва ускуналарнинг ишлаш жараёни билан танишди.
Навоий кон-металлургия комбинати марказий кон бошқармаси директори ўринбосари Шерали Турсуновнинг таъкидлашича, “Мурунтов” конида юк автомобилларига ўрнатилган GPS навигаторлари техника ҳаракатини доимий назорат қилиш, улардаги ёнилғи сарфи миқдорини аниқлаш, автомобилларда техник носозлик юзага келган ҳолларда тезкор хизмат кўрсатиш имконини бермоқда. Энг муҳими, мазкур инновацион тизим ёқилғи ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иш унумдорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилаётир.