Ҳужжатсиз уйлар ҳужжатли бўлмоқда: хатловлар мулкий ҳуқуқларни таъминламоқда
Қашқадарё вилоятида ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича хатлов ишлари натижасида минглаб фуқароларнинг кўчмас мулкка оид муаммолари ҳал этилмоқда.
Илгари хатловга шубҳа билан қараган айрим аҳоли вакиллари бугун ўз уйларига қонуний ҳужжатлар расмийлаштириш имкониятига эга бўлмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни асосида 2024 йил 8 ноябрда хатлов ишлари бошланган эди. Мазкур қонун белгиланган талабларга мос келадиган ер участкалари, улардаги бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш орқали йиллар давомида ҳужжатсиз қолган кўчмас мулк масалаларини қонуний ҳал қилишга хизмат қилмоқда.
Дастлаб айрим фуқаролар хатлов ўтказиш учун келган мутахассисларга ишончсизлик билан қараган, уйига киритиш ёки ҳужжатларини кўрсатишга иккиланган. Шу боис аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, учрашувлар, тадбирлар ва сайёр қабулларда қонуннинг мазмун-моҳияти ҳамда бериладиган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Вақт ўтиши билан аҳолининг муносабати ҳам ўзгарди. Уйига бўлган ҳуқуқи эътироф этилиб, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш имконига эга бўлган фуқаролар жараённинг амалий аҳамиятини ҳис қила бошлади.
– Дастлаб айрим фуқаролар хатлов ўтказиш учун борганимизда бизни уйига киритмас, ҳужжатларини кўрсатишга ҳам иккиланарди. Биз эса уларга жараённинг мақсади ва қонуннинг афзалликларини тушунтирардик. Эндиликда аҳоли бизни тўғри тушунмоқда. Баъзан маҳалла вакилларининг ўзлари қўнғироқ қилиб, “Бизнинг маҳаллага қачон келасизлар?” деб сўрашади. Фуқароларнинг муносабати ўзгариб, ишонч ортиб бораётгани қувонарли, – дейди хатлов жараёнларида иштирок этаётган кадастр муҳандиси Сайфулло Ҳаққулов.

Хатлов ишларига 200 нафарга яқин кадастр ходими жалб этилган бўлиб, жараёнлар ҳудудларда босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Бугунги кунга қадар халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг тегишли қарорлари асосида 26 минг 651 нафар фуқаронинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари эътироф этилган.
Бу натижа фақат кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан чекланмайди. Қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқлар эътироф этилиб, зарур ҳужжатлар расмийлаштирилгач, фуқаро ўз мулкини қонуний тасарруф этиш, сотиш, ҳадя қилиш ёки фарзандларига мерос қилиб қолдириш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, тегишли талабларга мувофиқ, мулкдан кредит таъминоти сифатида фойдаланиш имконияти ҳам юзага келиши мумкин.
Чироқчи туманида яшовчи фахрий фуқаро Бўри Бегматовнинг ҳаётий тажрибаси хатловнинг аҳоли учун аҳамиятини яққол кўрсатади.
У узоқ вақт давомида уйига тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришга ҳаракат қилган. Асосий мақсади эса уйини фарзандларига қонуний равишда қолдириш, келажакда улар ўртасида мулк билан боғлиқ муаммолар юзага келишининг олдини олиш эди. Бироқ эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлиги сабабли бу масалани ҳал қилиш осон кечмаган.
– Уйимни фарзандларимга бўлиб беришни, келажакда улар ўртасида муаммо бўлмаслигини истардим. Шу мақсадда нотариусга ҳам, кадастр идорасига ҳам кўп бордим. Аммо уйга эгалик ҳужжатим бўлмагани учун масалани ҳал қила олмасдим. Хатлов ўтказилгач, уйим 2018 йилдан олдин қурилгани ва қонунда белгиланган талабларга мос келгани сабабли менга эгалик ҳуқуқи эътироф этилди, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди. Шундан сўнг нотариусга бориб, уйимни фарзандимга мерос қилиб қолдириш масаласини ҳал қилдим. Энди кўнглим хотиржам, – дейди Бўри Бегматов.
Унинг мисолида мулкка оид ҳужжатларни расмийлаштириш нафақат бугунги муаммони ҳал этиши, балки оила келажаги учун ҳам муҳим эканини кўриш мумкин. Қонуний расмийлаштирилган мулк ворислик масалаларини белгиланган тартибда ҳал қилишга ва келгусида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Қашқадарё вилоятида хатлов ишларини давом эттириш бўйича ҳам режалар ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2027 йилда вилоятдаги 483 та маҳаллада хатлов ўтказиш кўзда тутилган.
Бу ҳали кўчмас мулкка оид ҳуқуқларини расмийлаштиришга эҳтиёжи бўлган фуқаролар билан ишлаш давом этишини англатади. Бунда аҳолига жараённинг қонуний асосларини тушунтириш, мурожаатларни ўрганиш ва белгиланган талабларга мос келадиган мулкларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш муҳим аҳамият касб этади.
Хатловнинг натижасини фақат рақамлар билан ўлчаб бўлмайди. Унинг ортида йиллар давомида уйини ҳужжатлаштира олмаган, мулкини фарзандларига қолдиришни истаган ёки ундан қонуний фойдаланиш имкониятини кутган минглаб инсонларнинг ҳаётий масалалари турибди.
Бир пайтлар хатловдан хавотирланган фуқароларнинг бугун мутахассисларни ўз маҳалласига таклиф қилаётгани эса аҳоли ишончи ортиб бораётганини кўрсатади. Энг муҳими, мулкий ҳуқуқларни қонуний тартибда эътироф этиш орқали фуқароларнинг ўз мулкига эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири