Ҳушёрлик – хавфсизликни таъминлайди
Бугунги кунда жамият хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли осойишталигини сақлаш ва ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган жиноятлар, наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ ҳолатлар ҳамда турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фуқароларнинг ҳушёрлиги ва хавфсизлик чораларига амал қилиши муҳим ҳисобланади. Бундай шароитда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, болалар хавфсизлигини таъминлаш ва мол-мулкни ишончли муҳофаза қилиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Шу мақсадда Ғузор тумани Қўриқлаш хизмати бўлими томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Тадбирлар давомида савдо нуқталари, бозорлар, хизмат кўрсатиш объектлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, қўриқлаш хизматининг замонавий имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда. Хусусан, объект ва хонадонларни техник қўриқловга олиш тартиби, замонавий сигнализация воситалари ҳамда марказлаштирилган кузатув тизимининг афзалликлари кенг тарғиб қилинмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, замонавий қўриқлаш тизимларини кенг жорий этиш мол-мулкка қарши қаратилган жиноятларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва фуқароларнинг хавфсизликка бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Айниқса, фарзандлар тарбияси ва уларнинг хавфсизлиги ҳар бир ота-она учун энг муҳим масалалардан бири бўлган бугунги кунда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва замонавий қўриқлаш воситаларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда.

Бугунги кунда амалга оширилаётган бундай профилактик тадбирлар аҳоли, тадбиркорлар ва қўриқлаш хизмати ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ҳамда “Хавфсиз ҳудуд” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутмоқда. Шубҳасиз, хавфсиз маҳалла тинч оила ва барқарор жамиятнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Н.Раҳмонова, ЎзА