Ҳусанов ва Салоҳ тўқнашуви рўй берадими?
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА кунлари доирасида Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этиладиган "Ал-Айн халқаро кубоги"да иштирок этади.
Мусобақада Фабио Каннаваро шогирдлари билан бир қаторда Жаҳон чемпионатига йўлланма олган Миср, Эрон ва Кабо-Верде миллий терма жамоалари ҳам иштирок этади.
Ушбу мусобақанинг илк ўйини “Ҳазза бин Зайед” стадионида, бугун 13 ноябрь куни Эрон ва Кабо-Верде термалари ўртасида бўлиб ўтса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага, 14 ноябрь куни Миср футболчиларига қарши учрашувда майдонга тушади. Мазкур ўйинларда ғолиб бўлган жамоалар 18 ноябрь куни мусобақа финалида ўзаро баҳс олиб борса, мағлуб бўлган термалар 17 ноябрь куни 3-ўрин учун беллашади.

Шу ўринда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.
Терма жамоамиз октябрь ойида Фабио Каннаваро қўл остида иккита ўртоқлик учрашувини ўтказди. Дастлаб Кувайтни 2:0 ҳисобида енгди, Уругвайга 1:2 ҳисобида ютқазди. Ушбу учрашувларда Фабио Каннаварога ёрдам берган Тимур Кападзе бир неча кун аввал терма жамоани тарк этди.
Фабио ўзига янги ёрдамчи сифатида “Бунёдкор”даги иши орқали маҳаллий футболчиларни яхши биладиган италиялик мутахассис Карло Альберто Бертонени олди.
Терма жамоа таркибида жиддий ўзгаришлар бўлмади. Каннаваро ишлаб турган тизимни сақлаб қолишни маъқул кўрди. Энг катта янгилик Абдуқодир Ҳусановнинг сафга қайтиши бўлди. Айни пайтда ҳимоячимиз терма жамоада машғулотларни бошлаб юборган.
Шунингдек, Элдор Шомуродов ҳам терма жамоа таркибида шуғулланяпти.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА