Ҳурмуз бўғози очилса ҳам, кемалар ҳаракати дарҳол тикланмайди
АҚШ ва Эрон Ҳурмуз бўғозини қайта очиш бўйича дастлабки келишувга эришди. Бироқ бу денгиз йўли орқали юк ташиш ишлари тезда аввалги ҳолатига қайтмайди. Чунки, сув остидаги миналар ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда, дейилади DW хабарида
Уч ойдан ортиқ вақт давомида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши сабабли Ҳурмуз бўғози орқали халқаро денгиз ташувлари деярли тўхтаб қолган эди. Бу йўл орқали жаҳон нефти ва суюлтирилган газ экспортининг катта қисми ўтарди.
Якшанба куни Вашингтон ва Теҳрон ўртасида дастлабки келишув эълон қилинди. Унга кўра, 19 июнь куни Швейцарияда имзоланиши режалаштирилган келишув бўғозни очиш, Эрон портларига қўйилган денгиз блокадасини бекор қилиш ва Эрон нефти экспортини қисман қайта тиклашни назарда тутади.
Мутахассисларнинг айтишича, ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тўхтаса ҳам, аввал сув остига жойлаштирилган миналарни топиш ва зарарсизлантириш керак бўлади. Бу ишлар махсус кемалар, дронлар ва гидролокаторлар ёрдамида амалга оширилади.
Шундан кейин мустақил кузатувчилар сув йўлининг хавфсизлигини тасдиқлаши лозим. Экспертлар бу жараён 40–50 кунгача давом этиши мумкинлигини айтмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, сентябрь ойи охирига бориб Ҳурмуз бўғози орқали ташиш ҳажми аввалги даражанинг тахминан 80 фоизига етиши мумкин.
Шунингдек, АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишув ҳозирча дастлабки келишув ҳисобланади. Томонлар ҳали кўплаб масалалар бўйича бир қарорга келмаган. Масалан, Эроннинг ядровий дастури бўйича, АҚШ санкцияларини юмшатиш, Ҳурмуз бўғозида йиғим ундириш масаласи ва Эроннинг минтақадаги қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлаши масалалари очиқ турибди.
Шу сабабли таҳлилчилар ҳарбий можаронинг яна қайта бошланиш эҳтимоли сақланиб қолаётганини айтишмоқда. Бу эса Ҳурмуз бўғози орқали халқаро денгиз ташувларининг тез тикланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/v6tf4I61_Pg" title="Hurmuz bo‘g‘ozi ochilsa ham, kemalar harakati darhol tiklanmaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА