“Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйинининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди
Тафаккур қилган киши тараққиёт бунёдкори бўлишга муносибдир. Айниқса, жамиятда ҳуқуқий саводхонларнинг кўпайиши қонун устуворлиги таъминланишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шу мақсадда, давлат фуқаролик хизматчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари учун “Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилган бўлиб, Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.
Мазкур интеллектуал беллашувдан кўзланган асосий мақсад – давлат фуқаролик хизматчилари ҳамда кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлаш, қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборат.

Беллашув давомида иштирокчилар турли мураккаб саволлар орқали ўзларининг ҳуқуқий билимлари, мантиқий тафаккури, тезкор қарор қабул қилиш маҳорати ҳамда жамоавий ишлаш кўникмаларини намоён этди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни – Юнусобод туманининг “Зиёлилар” жамоаси, 2-ўринни – Бектемир туманининг “Бектемир” жамоаси, 3-ўринни эса – Юнусобод туманининг “ Юнусобод” жамоаси эгаллади.
Якунда ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бундай интеллектуал беллашувлар нафақат билимни синовдан ўтказади, балки ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва доимий изланишга ундаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА