Ҳуқуқий мулоқот — инвестициявий ҳамкорликнинг муҳим омили
Тошкент вилояти адлия бошқармасида Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур автоном райони Адлия департаменти делегацияси билан учрашув ўтказилиб, ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда томонлар ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликни янада кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга жорий этиш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда адвокатура институтининг хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, инвесторларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий маслаҳат бериш, шартномаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, шунингдек, низоларни суд ва арбитраж тартибида ҳал этишда адвокатура имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Маълумки, инвестиция муҳитининг жозибадорлиги нафақат иқтисодий имкониятлар, балки инвестор ҳуқуқларининг қонун билан кафолатлангани ва зарур ҳолларда уларнинг самарали ҳимоя қилиниши билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, ҳуқуқий хизматлар сифати ва ҳуқуқий кафолатларнинг мустаҳкамлиги хорижий инвесторлар учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Айни пайтда Тошкент вилоятида Хитой Халқ Республикаси иштирокидаги 1 500 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Улар савдо, саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда иш олиб бормоқда.

Иқтисодий алоқалар кўламининг кенгайиши уларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга бўлган эҳтиёжни ҳам оширмоқда. Шу боис ҳуқуқий соҳада тажриба алмашиш, инвесторларга кўрсатилаётган юридик хизматларни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ҳимоя механизмларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда билдирилган фикр ва таклифлар келгусида ўзаро ҳуқуқий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, мавжуд тажрибани ўрганиш ҳамда амалиётда қўллаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Томонларнинг ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорлиги инвестиция жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, инвесторларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва барқарор иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.