“Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси – амалда
Адлия вазирлиги ташаббуси билан Навоий вилояти Навбаҳор тумани Бешработ маҳалласида “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси кенг қамровда амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда маҳаллада 692 та хонадонда 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда маҳаллада лойиҳа доирасида юзлаб мурожаатларга ечим топилмоқда. Лойиҳа амалга оширила бошланган вақтдан буён аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди, йўл белгилари янгиланди, маҳалла атрофи ободонлаштирилди, ички йўллар текисланиб, қум-шағал ётқизилди.
– Маҳалла ва туман марказига борадиган йўлимиз ички йўл ҳисобланади, – дейди Зокир Қўчқоров. – Ёмғир ёки қор ёғса йўлларимизда юриб бўлмайди. Болаларимиз боғча ва мактабга қатнашга қийналарди. Мана энди йўллар текисланди. Шағал ташланиб, асфальт ётқизишга тайёрланди, атрофи ободонлаштирилди.

Лойиҳа доирасида “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида фуқароларнинг ҳуқуқий муаммолари ўрганилиб, бир қатор масалаларга ечим топилмоқда. Жумладан, фуқароларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар, уларнинг ҳуқуқларига оид муҳим нормалар хусусида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, аҳолини қийнаётган муаммолар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилмоқда.
Маҳфуза Хусенова оиласи билан Навбаҳор туманининг Бешработ маҳалласида яшайди. У артроз касаллиги туфайли ижтимоий ҳимояга олинган аёллардан бири. Дардман аёл 18 йилдан буён бу касаллик билан курашади.
Маҳфузахон аслида тикувчи, чевар. У дардни енгиш ва оиласига кўмак бериш учун ҳам тикувчилик касбини танлаган. Бироқ ўзида замонавий тикув машинаси йўқ эди. “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси доирасида ўтказилган ўрганишларда адлия ходимларига тикув машинаси олишда ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Фуқаронинг мурожаати эътиборсиз қолдирилмади.
– Менга тикув машинаси беришмаса керак, булар ҳам юқоридан топшириқ бўлганлиги боис сўради-кетти, деб ўйлагандим, – дейди М.Хусенова. – Тикув машинасини олиб келишганини кўриб хурсанд бўлиб кетдим. Ҳозир фойдаланиб турган машинкам бир шогирдимники эди. Бировнинг буюми бўлганлиги боис бузилиб қолишидан қўрқиб, авайлаб ишлатардим. Энди ўз тикув машинам бор.
“Бешработ” маҳалла фуқаролар йиғинида Маҳфуза Хусенова сингари фақатгина уйида ҳунари ортидан оиласига даромад келтираётган хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Шулардан бири Нафиса Жабборовадир. Унинг икки нафар ёш фарзанди бор. Шу сабабдан хонадонида тикувчилик билан шуғулланади.
– Янги иморат тиклаб, тикув машинаси олишга маблағимиз етмаганди, – дейди Н.Жабборова. – Адлия ходимларининг уйма-уй юриб аҳолининг муаммоларини ўрганиш жараёнида мен ҳам мурожаат қилгандим. Бугун тикув машинаси келтириб беришди.
Қолаверса, “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси доирасида “Онлайн маҳалла” платформаси орқали телефондан мурожаат қолдириш хизмати йўлга қўйилган. Ҳар бир мурожаат мутасаддилар томонидан назоратга олинган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири