Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш – ҳаётий зарурат
Конституция ва қонунларимизда белгиланган ҳуқуқий нормалар асосида миллий қонунчилик тизими яратилди. Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқароларимиз ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган.
Давлат органларининг халққа хизмат қилиши ва инсон манфаатларини таъминлаши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда самарали ишлаши жараёнларини ёшларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ёшлар мустақил давлатимизнинг стратегик мақсади саналади. Шу боис галдаги устувор вазифалардан бири мамлакатимизда ёшлар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳисобланади. Сабаби, бугунги ёшлар Ўзбекистон давлатининг эртанги тараққиётини белгиловчи куч саналади. Шу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимиздаги бугунги ҳуқуқий ислоҳотларнинг мақсади айнан мустақиллик мафкураси руҳида тарбияланаётган, миллий ва умумбашарий қадриятларни кенг ўзлаштираётган ёшларимизнинг истиқболига қаратилган.
Зеро, Конституция ва қонунлар ҳамда инсон ҳуқуқи ва эркинлиги устувор бўлган давлатнинг пойдевори мустаҳкам бўлади. Ҳар бир шахснинг ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши ва уни амалда ҳимоя қила олиши мамлакат тараққиётининг муҳим шартидир.
Мамлакатимизда ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда инсон тақдири, ҳуқуқлари, манфаатлари, эркинлиги мужассам. Фуқароларимиз, айниқса, ёшларимиз ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун, моҳиятини билиши ва ундан амалда фойдалана олиши лозим.
Бунинг учун эса ёшларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш зарур.
Умуман олганда, ёшларнинг ҳуқуқий маданияти деганда нима тушунилади? Олимларнинг эътирофича, ҳуқуқий маданият умумий маданиятнинг муҳим ва ажралмас элементидир. Бу ҳуқуқни англаш ва тушуниш дегани. Ҳуқуқий маданиятнинг асосий элементларига инсон ҳуқуқий онги, ҳуқуққа асосланиш ва қонунга итоаткорлик, шахснинг ҳуқуқий фаоллиги кабилар киради. Демак, ёшлар ҳуқуқий маданияти тушунчаси ҳам мазкур илмий таърифдан айри эмас.
Ҳуқуқий маданият, аввало, маънавий ҳодисадир. Чунки ҳуқуқий маданиятни юксалтириш жараёнида дастлаб ахлоқий маданиятнинг инсоф, виждон, одиллик ва ўз қадрини билиш каби элементлари, улар асосида эса ҳуқуқий маданият шаклланади. Мазкур элементларсиз ҳуқуқий маданият ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди. Ёшлар ўзларига тегишли қонунлар ёрдамида яхшилик ва ёмонлик, эркинлик ва қуллик, ҳурмат ва ҳурматсизлик каби ҳуқуқ соҳасининг энг бошланғич алифбосини англаб, идрок этиб боради. Ёшлар вояга етиши мобайнида ҳуқуқнинг давлат ҳуқуқи тарихи ва назарияси, бадиий адабиётлар ёрдамида эса криминалистика, суд жараёнлари каби соҳаларига қизиқиб, улар ҳақида тегишли билимга эга бўлади. Ҳуқуқий маданият мавҳум тушунча эмас. Аксинча, улар ахлоқий маданият асосида шаклланадиган, шахснинг давлат органлари билан мунтазам муносабати ва инсон ҳуқуқий эркинлиги ҳамда инсон манфаатлари тўғрисидаги билим ва кўникмаларнинг йиғиндиси ҳисобланади.
Ёшлар ҳуқуқий маданияти яхлит бир тизим бўлгани боис уни юксалтириш жараёнига барча давлат органлари, ҳуқуқий институтлар ва фуқаролик жамияти институтларининг жалб этилиши ўз самарасини беради.
Юртимизда янги ҳаёт, янги жамият қуриш мақсадида бошланган залворли ишларимизни мантиқий якунига етказиш учун ёшлар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳаётий заруратдир.
Саида Исмаилова,
Мирзо Улуғбек тумани ФҲДЁ бўлими мудираси