Ҳуқуқ-суд ислоҳотларининг навбатдаги босқичи
Янги давр ҳуқуқ-суд, инсон ҳуқуқлари ислоҳотларининг илк жараёни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 10 октябрдаги тақдимномасига асосан Олий Мажлис Сенати қабул қилган амнистия тўғрисидаги қарори, афв этиш институтининг такомиллашуви, маҳбусларни озод этишнинг адолатли, инсонпарвар принциплари, ноёб бўлиб қолган диний бағрикенглик ҳуқуқи ва реабилитацияни амалда таъминлаш билан бошланди.
Давлат лидерининг БМТда «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари суриб, буни рўёбга чиқаришга эришгани давлат сиёсатида ҳуқуқ-суд ислоҳотларига эътиборни, инсоннинг ҳар қандай ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини англатади.
Шу асосда 2016 йил 21 октябрдаги Президент фармони асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилди. Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш тизими тамомила янгиланди, бу тизим демократлашди, давлат органлари ва мансабдорлар халққа яқинлашди.
2016 йил 28 декабрда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Президент фармони қабул қилинди. 2017 йил “Инсон манфаатлари ва халқ билан мулоқот йили“ деб номланди. Яъни инсон манфаати, инсон қадри бирламчи ўринга қўйилди.
Аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Ҳукуматга, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларига шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш мақсадида Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди.
Натижада, паспорт, прописка, нафақа, конвертация, нақдлаштириш каби юз минглаб мурожаатлар камайди.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги тизими жумладан, Президент ҳузурида Бизнес омбудсман иш бошлади. Тадбиркорни ҳа деб ёки асоссиз текшир-текширлар, молия хўжалик фаолиятни тизимли текширишлар чекланди.Тадбиркорлар фаолиятидаги қўрқув балоси барҳам топди.
Ўтган қисқа даврда уч мингдан ортиқ, жамиятда адолат излаган, бир вақтлар жамиятдан ранжиган ва фақатгина адолатгагина ишонган, унга умид қилган 6 мингдан зиёд юртдошларимиз суд ҳукмлари асосида оқланди. 8 мингдан ортиқ айбловлар, айбловдан чиқариб ташланди. Минглаб айбланганларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлади.
Улар судда адолат қарор топганининг гувоҳи бўлишди. Яна қанча ака-ука, опа-сингилларимиз “адолат” тамойиллари асосида афв этилди.
Ноёб ҳуқуқ бўлиб қолган реабилитация ҳуқуқи амалда тикланди.
Аммо биз яшаётган ахборот технологиялари шиддат билан юксалаётган ва кишиларни ўз таъсирига олиб бўлган ахборот асрида, икки тоифа қарашларга эга шахслар шаклланади.
Бири – кундалик ҳаётида юзага келадиган масалани ечишга ҳаракат қилади, меҳнат қилади, ечимини излайди, вазиятдан ақл билан чиқишга уринади, у-бу кимдан ёрдам сўрайди, нима бўлганда ҳам масаланинг ечими учун курашади. Бу жараёнда ўзи каби бошқа кишиларга ҳам зиён етишини истамайди.
Иккинчи тоифа эса, турмушдаги мавжуд масалаларни ечишга ҳаракат қилмай аксинча, нолийди, ўзини оқлайди, бунда доим кимнидир айблашга интилади, худбинлик домига кириб боради. Қисқаси, охир-оқибат бу тоифа кишиларда ҳасад қилиш ҳисси шаклланади. Уларнинг ҳаёт тарзида ҳар қандай ислоҳотга, жамиятга нисбатан қарашларида позитивлик чекланиб, негатив кайфият ва қарашлар кучайиб бораверади.
Ютимизда камбағалликни қисқартиш, адолатли ижтимоий ҳимоя ҳуқуқини, текин ва арзон бошпана билан таъминлаш, болалар мажбурий меҳнатини йўқ қилиш, маъмурий-мажбурий меҳнатни, пахта якка ҳокимлигини, қийноқларни, зулм масканларини тугатишга, иш жойига тиклаш, оқловлар, реабилитация, “меҳр операциялари”, диний бағрикенглик, сўз эркинлиги, очиқликни таъминлашга қандай сиёсий ирода, қанча меҳнат ва энг асосийси, қанча маблағ кетишини бир таҳлил қилганмисиз.
Айни шу жараёнда, ҳуқуқ-суд, инсон ҳуқуқлари ислоҳотлари жамият аъзоларига тўғри йўлни кўрсатиб, уларни адолат ва қонун кўчасидан етаклаб бориши талаб этилади.
Шунинг учун ҳам баъзан баландпарвоз бўлиб туюладиган "нуқтани суд қўяди", деган жумла таг-замирида нафақат чуқур маъно, балки, синалган, чархланган, албатта, тўғри маънода сурилиб-туртилиб сўнг ростланган ҳуқуқий тажриба – асосли илм ётади.
Суд қўядиган нуқта “суд далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда, ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради”, деган процессуал қонун нормасининг талқинидан бошланади. Яъни, судьянинг ички ишончи таяниладиган хулоса қилиш жараёнида ўз-ўзидан “адолат” ва “қонун” тўқнашувини юзага келтириб қўйиши ҳам мумкин.
Баъзан манфаатлар тўқнашади, мураккаб низоларнинг ечими адоғи йўқдек кўринади, лекин адолатсизлик, қонунсизлик учун жазо муқаррарлигини устувор ва мустаҳкам ушлаш, тарози палласини адл тутиб туриш доим дастури амалимиздир.
Иқтисодий судларда ундирилаётган миллиардлаб зарар ва компенсациялар, қўлланилмаётган айрим молиявий санкциялар, шартномавий муносабатларда адолат қиличини ақл билан тўғри тортиш, давлат харидлари билан боғлиқ низоларда фактик ҳолатларга асосланган адолатли қарорга келиш, низоларни кўпроқ суд қарори қабул қилингунча, яъни маслаҳатхонага киргунча медиация ва яраштирув институти орқали ҳал этишга эриштириш фуқаролик судларида ундирилаётган зарар ва компенсациялар, қанчадан-қанча ишга тиклашлар, жиноят судларидаги минглаб оқлов ҳукмлари, маъмурий судлардаги юзлаб қарорларни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳолатлари ёки бекор қилинаётгани ҳаммага ҳам бирдай ёқимли бўлмаслиги мумкин.
Илло, ҳар қандай ҳолат ва вазиятда ҳам судлар адолат ва қонун устуворлиги асосида охирги сўзни айтиб, нуқтани қўйиш билан аҳоли ишончини мустаҳкам ва бардавом қозониши шарт.
Нуриддин Муродов,
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси,
Юридик фанлари бўйича фалсафа доктори.