Ҳунармандлар маҳсулотлари савдо ярмаркаси
Андижон шаҳридаги "Navruz Mall" мажмуасида ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо ярмаркаси бўлиб ўтди.
“Ҳунарманд” уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган савдо ярмаркасида вилоятда кулолчилик, ўймакорлик, темирчилик, пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий матолар, қўғирчоқ, турли сувинерлар, миниатюра санъати ва бошқа ҳунармандлик маҳсулотлари тайёрлаш билан шуғулланаётган ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Савдо ярмаркаси очилишида сўз олганлар томонидан мамлакатимизда кейинги йилларда ҳунармандлар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳунармандчиликнинг ўзига хос анъаналарини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, ҳунармандларнинг эмин-эркин ва самарали иш олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.
Савдо ярмаркасида ҳунармандлар, хусусан, 20 дан ортиқ ҳунармандлар сулоласи вакиллари томонидан намойиш этилган бежирим, ранг-баранг ва ўзига хос ҳунармандчилик маҳсулотлари, буюмларини аҳоли ва ярмарка меҳмонлари катта қизиқиш билан томоша қилди.
Ярмарка доирасида вилоят ҳокимлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятидаги вакили ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.
Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари вакиллари, блогерлар, уста ҳунармандлар иштирок этган анжуманда "Ҳунарманд" уюшмаси Андижон вилояти бошқарма бошлиғи Ўткирбек Араббоев 2023 йилда вилоятда ҳунармандчилик йўналишида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилдаги режалар бўйича иштирокчиларга кенг маълумотлар берди.
[gallery-15913]
Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятидаги вакили Муроджон Ҳошимов тадбиркор ва ҳунармандларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси, уларга яратилган имтиёз ва қулайликлар ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтди.
Анжуманда иштирокчилар томонидан вилоятда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Журналистларни қизиқтирган барча саволларга мутасаддилар батафсил жавоб қайтарди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА