Ҳунармандлар билан учрашувлар ўтказилмоқда
Мамлакатимизда ҳунармандларнинг фаолияти, муаммолари ва таклифларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш бўйича амалиёт жорий қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Жорий йил 24 март куни Савдо-саноат палатаси томонидан ҳунармандчилик соҳасига бағишланган онлайн видео-селектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда Жиззах вилоятидан ҳам 20 нафар ҳунарманд иштирок этиб, видео-селектор йиғилишида ўз фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммолар юзасидан таклифларини билдирганди.

Жумладан, солиқ ва ҳуқуқий масалалар, савдо инфратузилмаси ҳамда маркетинг, экспорт ва халқаро бозорга чиқиш, таълим соҳаси ҳамда муаммоларни ҳал этиш механизмлари каби масалаларга доир таклифлар айтилганди.

Вилоят даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар юзасидан жойида чоралар кўрилди.
Шунингдек, тадбирда ҳунармандларга тегишли ҳуқуқий, маркетинг ва экспорт бўйича кўмак кўрсатиш давом эттирилиши ҳам қайд этилиб, бундай учрашувлар мунтазам ўтказилиб, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар ташкил этилишига келишиб олинди.

Тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилиб, ҳукуматимиз ҳунармандчиликнинг ривожланиши ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш учун доимий равишда Савдо-саноат палатаси, маҳаллий ҳокимлик ва мутасаддиларга амалий ёрдам бериб бориши қайд этилди.
Ана шу онлайн тарзда ўтган видео-селектор йиғилишидан сўнг Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари жойларга чиқиб, ҳунарманд-ишбилармонлар билан учрашди.

Учрашувлар давомида тадбиркорларнинг дуч келаётган муаммолари, таклиф ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
– Кўп йиллардан буён ёғоч ўймакорлиги ва мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, сифатли ёғочлардан стол, стул, кроват ва бошқа мебель маҳсулотлари ишлаб чиқараман, – дейди ҳунарманд Баҳодир Камолов. – Таклифим: Жиззах шаҳрида ҳунармандчилик маркази ташкил этилса, ушбу марказ ҳунармандлар учун замонавий шароит яратиб, улар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларга чиқишига кўмак берса, нур устига аъло нур бўларди.

– Миллий услубдаги турли хил сумкалар ишлаб чиқариш билан шуғулланаман, – дейди ҳунарманд Дилноза Ўктамова. –Ҳунарманд ўз брендини рўйхатдан ўтказиш жараёнида мулк тасдиқлаш билан боғлиқ тўловлар қисқартирилса, бу ҳунармандлар учун катта қулайлик бўларди.
Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси ҳунармандлар ва тадбиркорларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, муаммоларига ечим топиш ва уларни давлат томонидан берилаётган имтиёзлар билан таништиришда давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари