Ҳунармандчилик алоқалари кенгаймоқда
Мамлакатимизда ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш йўлида самарали ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг жорий йил август ойида мамлакатимиз ишбилармон доиралари вакиллари билан мулоқоти соҳа ривожи, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун янги уфқларни очиб бермоқда.
Ўтган ой Ригада Латвиянинг "Outdoor Media" компанияси томонидан асос солинган ўзбек савдо уйининг очилиш маросимида бу жиҳатлар яна бир карра намоён бўлди. Ташкил этилган Савдо уйи ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини Латвия бозорига чиқаришга кўмаклашиш, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштиришга йўналтирилгани билан аҳамиятга моликдир.

Ўзбекистон Республикасининг Латвиядаги элчихонаси кўмагида Европа мамлакатларига экспорт ҳажмини ривожлантириш бўйича ишлар доирасида ўзбек савдо уйи раҳбари В. Галперин ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси "Ҳунарманд" уюшмасида Ригада ташкил этилган ўзбек савдо уйи раҳбари билан "Ҳунарманд" уюшмаси раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилди.
– Ўзбек ҳунармандчилиги узоқ тарихга эга. Ўзининг хилма-хиллиги, кенг тармоғлиги ва ўзига хос услуби билан кишини ўзига жалб қилади. Шу боисдан ҳам ўзбек ҳунармандчилик намуналарига талаб ошиб бормоқда. Бугунги учрашув ҳам ҳамкорлигимизнинг ривожланишига хизмат қилади, - дейди В.Галперин.

Учрашувда икки давлат ўртасида ҳунармандчилик йўналишида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ҳамкорлик шартномаларини имзолаш, ўзаро алоқа алмашиш хусусида суҳбатлашилди. Шунингдек, учрашув давомида «Ҳунарманд» уюшмаси тасарруфидаги «Craft and art» МЧЖ билан шартномалар имзоланди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА