“Ҳумо”нинг дўпписи кимга насиб этди?
Хоккей бўйича Тошкентнинг "Ҳумо" жамоаси Қозоғистон очиқ чемпионатидаги иштироки жараёнида ўзига хос совринни эълон қилди.
Унга кўра, жамоанинг ғалабасига муносиб улуш қўшган энг яхши ўйинчини дўппи билан тақдирлаш белгиланди.
Тошкент хоккейчилари кеча, 12 сентябрь куни Нурсултоннинг "Номад" жамоаси билан ўтказган иккинчи ўйинда 2:1 ҳисобида зафар қучди.

Ушбу ғалабадан сўнг учрашувда жамоанинг энг яхши хоккейчисига анъанавий тарзда дўппи топширилди. Мураббийлар кенгашининг қарори билан ушбу совринга “Ҳумо” хоккейчиси Игорь Игнатушкин лойиқ кўрилди.
Энди “Ҳумо” навбатдаги ўйинни 15-16 сентябрь кунлари Тошкентда Қозоғистоннинг “Горняк” жамоасига қарши ўтказади. 25-26 сентябрда эса Атирау шаҳрининг “Бейбарис” жамоаси меҳмони бўлади.
Т.Рўзиев,
ЎзА