"Hult Prize" халқаро стартaп танлови миллий босқичи ўтказилди
Пойтахтимиздаги Халқаро Вестминстер университетида “Hult Prize-2026” халқаро стартaп танловининг миллий босқичи бўлиб ўтди.
Марказий Осиёда биринчи марта ташкил этилган тадбир Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим платформалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Мазкур босқичда республикамизнинг турли ҳудудидан сараланган иқтидорли талабалар жамоалари иштирок этди. Дастур доирасида стартaп лойиҳалар тақдимоти, экспертлар баҳолаш жараёнлари ҳамда турли қизиқарли учрашувлар ташкил қилинди.
Лойиҳалар бизнес, инвестиция ва инновациялар соҳасидаги мутахассислардан иборат экспертлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Танлов якунларига кўра, “Fonus kids” жамоаси “Hult Prize Global Accelerator” босқичида Ўзбекистон номидан иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Қайд этиш жоиз, “Hult Prize” халқаро таълим ва тадбиркорлик платформаси бўлиб, у талабаларни глобал ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга инновацион ҳамда ижтимоий йўналтирилган бизнес ечим ишлаб чиқишга жалб этади. Танлов иштирокчилари халқаро экспертлар билан ишлаш, менторлик дастурида қатнашиш ва инвестицион имкониятдан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Д.Ҳакимов, ЎзА