Парламент қуйи палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга ҳоким лавозимига номзод тегишли халқ депутатлари Кенгашида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастури билан бир қаторда коррупцияга қарши курашиш режасини ҳам тақдим этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунларга Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг лавозимига номзод унинг номзоди Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда, Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чораларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасидан ташқари коррупцияга қарши курашиш режасини тақдим этиши ҳам назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасидаги нормалар ҳокимлар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича масъулияти ва ҳисобдорлигини оширишга, уларнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича вазифалари ижроси самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳужжат лойиҳасининг долзарб аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, иккинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА