
Тошкент вилоятининг туризм салоҳиятини йил сайин янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар сонини ошириш, жойларда жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда жойларда кўрсатилаётган хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида тизимли ишлар қилиняпти.
Жорий йил бошидан буён ҳудуддаги сайёҳлик манзилларига жами 8,5 миллион нафар сайёҳ келган. Шундан 7,9 миллион нафари маҳаллий сайёҳлар, 547,3 минг нафари хорижий сайёҳлардир. Бироқ Тошкент вилоятига келувчи асосий контингент пойтахт аҳолиси ҳиссасига тўғри келади. Қолаверса, жорий йил давомида қўшни давлатларга мунтазам Тошкент вилояти делегацияси ташриф буюриб, саёҳатчиларни жалб этиш бўйича ўзаро келишув меморандумлари имзоланяпти. Натижада Тошкент вилоятига четдан ташриф буюрувчилар сони 142 минг нафардан 256 минг нафарга, қарийб икки баробарга ортди.

Қолаверса, хориж давлатларига мунтазам Тошкент вилояти делегацияси ташриф буюриб, саёҳатчиларни жалб этиш бўйича ўзаро келишув меморандумлари имзоланяпти. Хусусан, июнь ойида Хитой Халқ Республикасининг Ухан шаҳрида Ўзбекистон туризм йилига бағишланган тадбирлар доирасида Хубей провинциясининг сайёҳлик тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда Тошкент вилояти делегацияси ҳам фаол қатнашиб, ҳамкорларга ҳудуднинг туризм салоҳияти, табиий гўзалликлари, маданий мерос объектлари, эко ва экстремал туризм йўналишлари, гастрономик имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Якунда Ўзбекистон ва Хитой туроператорлари ўртасида 6 тадан ортиқ ҳамкорлик битимлари имзоланди. Улар ўзаро сайёҳлик оқимини ошириш ва қўшма туристик дастурларни ривожлантириш борасида келишиб олинди.

Эндиликда Оҳангарон туманидаги Овжазсой, Эртошсой сайёҳлик қишлоқлари, Арашан кўллар тизмаси, кўплаб сўлим масканлардаги зиёратгоҳлар, шунингдек, Ангрен тоғлари этакларида жойлашган дам олиш масканлари, хусусан, “Янгиобод дам олиш маскани”нинг сўлим ҳавоси, кўплаб булоқлари, ажойиб ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси ҳам халқ орасида оммалашяпти. Шу сабабли ушбу йўналишда инвесторларни жалб қилган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу масканларда 2026 йилга қадар умумий қиймати 529 миллион доллар бўлган 70 та лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ушбу ҳудудларда 3 минг 258 та янги иш ўрни яратилади.

Маълумки, Президентимиз томонидан туризмни ривожлантириш бўйича берган топшириқларига асосан тоғли туман-шаҳарларда “Капсула меҳмон уйлари”ни ташкил этиш вазифаси берилган эди. Шу бўйича режадаги манзилларда глемпинг, капсула ва модулли меҳмонхоналар ташкил этиш бўйича лойиҳалар пакети шакллантирилди. Жумладан, Ангрен шаҳрида 20 та, Оҳангарон туманида 30 та, Паркент туманида 22 та, Бўстонлиқ туманида 12 та “Капсула меҳмон уйлари”ни жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Умуман олганда, ҳудудни сайёҳларга кўпроқ таништириш, уларга қулай шароит яратиш, мазкур соҳада тадбиркорликни янада ривожлантириш борасидаги бундай саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига навбатдаги ташрифи ҳам жойларда янгидан янги ташаббус ва лойиҳалар қамровини оширишга хизмат қилади. Пировардида бу халқимизнинг фаровонлик сари илдам ҳаракатлар қилишига ёрдам беради.
А.Мусаев,ЎзА