Ҳудудларнинг иқтисодий ўсиш салоҳияти қандай аниқланади?
Ҳудудлар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун уларнинг иқтисодий ўсиш салоҳиятини олдиндан аниқ баҳолаш муҳим.
Бунда мавжуд иқтисодий тенденциялар билан бир қаторда, ўсиш драйверлари, инвестиция имкониятлари ва эҳтимолий хавф-хатарларни ҳам ҳисобга олиш зарур.
2030 йилгача ҳудудларда иқтисодий ўсиш қандай бўлишини аниқлаш мақсадида Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) “Ақл марказлари” билан ҳамкорликда ҳудудий иқтисодий ўсишни баҳолаш ва прогнозлаштиришнинг ягона методологик ёндашувини ишлаб чиқмоқда.
Унга кўра, мазкур ёндашув туфайли ҳудудларнинг келгуси иқтисодий ҳолати учта сценарий асосида баҳоланади. Инерцион сценарийда мавжуд иқтисодий тенденциялар сақланиб қолган тақдирда ҳудуд иқтисодиёти қандай суръатда ўсиши мумкинлиги аниқланади. Мақсадли сценарийда белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун зарур бўлган қўшимча инвестициялар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва таркибий ислоҳотлар ҳажми ҳисоблаб чиқилади.
Пассив сценарий эса ички ва ташқи бозорларда иқтисодий хавфлар кучайган тақдирда ҳудуд қанча иқтисодий ўсишни йўқотиши мумкинлигини баҳолаш имконини беради.
Бундай ёндашув прогнозни шунчаки келгуси кўрсаткичларни ҳисоблаш воситасидан стратегик қарорлар қабул қилиш инструментига айлантиради. Бунинг натижасида ҳар бир ҳудудда иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларини аниқлаш, мавжуд ресурс ва инвестицияларни устувор йўналишларга сафарбар қилиш ҳамда эҳтимолий хавфларни олдиндан баҳолаш имконини яратиш кўзда тутилган.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган семинар-тренингда бу ҳақда атрофлича маълумот берилди.
Унда “Ақл марказлари” экспертлари таклиф этилаётган методологияни амалий ҳисоб-китоблар асосида кўриб чиқди. Шунингдек, уни ҳудудлар кесимида янада такомиллаштириш ва прогнозларнинг амалий аҳамиятини ошириш бўйича фикр алмашилди.
Мутахассислар таъкидланганидек, методологиянинг асосий мақсади ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий ўсиш салоҳиятини аниқ белгилаш, инвестиция ва ресурсларни самарали йўналтириш ҳамда иқтисодий сиёсат натижаларини баҳолаш имконини берувчи ягона аналитик тизимни шакллантиришдан иборат.
Бу эса ҳудудларнинг 2030 йилгача бўлган ривожланишини янада аниқ режалаштириш ва иқтисодий ўсишни самарали бошқаришга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА